Ўзбекистон ёшлар иттифоқида «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танлови ғолибларининг илмий ишланмалари тақдимоти ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Ёшлар иттифоқи муассислигидаги Республика ёш олимлар кенгаши вазирлик ҳамда ташкилотлар билан биргаликда бакалавриат, магистратура, докторантурада таҳсил олаётган, шунингдек, мустақил изланувчи сифатида илмий изланишлар олиб бораётган 18—35 ёшдаги изланувчилар ўртасида «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танловини ташкил этди.
Аниқ, ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлар йўналишида тўққиз нафар ёш олимга лойиҳаларни амалиётга бирламчи татбиқ этиши учун 5 миллион сўмдан берилди. Ёш олимларнинг бу лойиҳалари ўзини оқласа, Ўзбекистон шароитида амалиётга татбиқ этиш мумкин бўлса, уларга яна 5 миллион сўмдан маблағ ажратилади.
«Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танловини ўтказишдан асосий мақсад жамиятдаги ижтимоий муаммоларга ечим топиш ва иқтисодий самарадорликка эришиш, ёшлар фаоллигини оширишдан иборатдир.
Изоҳ (0)