Яқиндагина Қозоғистоннинг «Ак жол» фракцияси депутатлари Қозоғистон номини Қозоқ Республикасига ўзгартириш ташаббуси билан чиқишган эди. Бу ташаббусга нисбатан Олмаотада халқнинг фикри ўрганилди. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар берди.
Деярли барча респондентлар мамлакат номини ўзгартиришда ҳеч қандай маъно йўқ деб топишган.
«Мен гид-таржимон бўлиб ишлайман. Сайёҳлар билан ишлаганимда, уларга доим бизнинг мамлакат ‘The Republic of Kazakhstan’ деб аталишини айтаман. Яъни бу кимнинг республикаси экани шундоқ ҳам маълум. Унинг номини ўзгартиришнинг нима кераги бор? Қозоғистон – энг мақбул ном,» — дейди олмаоталик Жамила.
Кўпгина респондентлар мамлакатнинг номини ўзгартиришни сира ўйлаб кўрмаганлигини айтган. «Мамлакатни қандай атаган бўлардингиз?» деган саволга «Қозоғистонлигича қолдирардим,» дея жавоб берган.
Аружан ва Молдир исмли икки қозоғистонлик қиз ҳам давлат номини ўзгартиришга салбий муносабат билдирган.
«Менимча, бу ўтакетган аҳмоқлик. Қозоғистоннинг нимаси ёмон? Ўзбекистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва шунга ўхшаш давлатлар бор. Нега энди Қозоғистоннинг номини ўзгартиришимиз керак? Мен бундай қилмаган бўлардим. Бу масалани референдумга қо‘йиш керак. Хоп, майли кўчани номини ўзгартирса бўлар. Лекин бу ерда гап бутун мамлакат номи ҳақида кетяпти,» — дейди Габит исмли киши.
Бироқ, мамлакатни қайта номлашга нейтрал жавоб берганлар ҳам топилган. «Менинг фикримча, агар юртингизни севсангиз, уни қандай аталишини сизга нима аҳамияти бор?» – дейди Айдос исмли фуқаро.
Респондентлардан фақат битта одам мамлакатни қайта номлашга рози эканини айтган. Аммо Қозоқ Республикаси эмас, бошқа ном қўйилиши кераклигини қўшиб қўйган.
«Менимча, Қозоқ эли қилиб ўзгартиришимиз керак. Мен драма театрида ишлайман. Яқинда биз Абулҳайрхон ҳақида спектакл қўйдик. У ерда биз Қозоғистонни Қозоқ эли деб атадик.»
«Менимча, шарт эмас. Нега керак бу ўзи? Қозоғистоннинг ўзи яхши жаранглайди,» – дейди Сеиткари.
Эслатиб ўтамиз, «Ак жол» фракцияси раҳбари Азат Перуашев Қозоғистон номини Қозоқ Республикаси этиб қайта номлаш ташаббуси билан бош вазир Багитжан Сагинтаевга мурожаат қилган эди.
Мавзуга доир: Депутат Қозоғистоннинг номини ўзгартиришни таклиф қилди
Изоҳ (0)