2019 йил 1 январдан қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда «Дарё»га Андижон вилоят солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси маълум қилди.
Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги«Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлаш тўрисида»ги қарорига асосан белгиланди.
Шаҳрихон тумани «Шоҳ» кўчасининг икки томонида асосан қурилиш маҳсулотлари билан савдо қилаётган якка тартибдаги тадбиркорлар жойлашган. Уларнинг айримлари бу қарордан «бехабар»га ўхшайди. Тўғрироғи, билишса ҳам турли баҳоналарни рўкач қилиб, янги тартибга ўтишни пайсалга солмоқда. Жумладан, Алишер Юсупов ва Шуҳратбек Назиров. Икковини ҳам туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари бир неча бор огоҳлантирган. Шунга қарамай, улар фаолиятини «эски усулда» давом эттириб келаётган эди.
«Нима учун юридик шахс бўлишимиз керак?» дея қайсарона оҳангда берилган саволга вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари батафсилжавоб қайтаришди.
Маълумки, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари ҳажмининг катталиги ва вазнининг оғирлиги сабабли, хусусий тадбиркорлар ушбу маҳсулотларни траспорт воситаларига юклаш, ташиш, тушириш, қадоқлаш, қўриқлаш ва сотишни рухсат этилган бир нафар ёлланма ишчи билан бажара олмаётганликлари сабабли қонунчиликда белгиланганидан ортиқча ходимларни ёллаб, норасмий ишлатишига мажбур бўлаётган эди. Бу эса ўз навбатида норасмий ёлланган ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва меҳнат хавфсизлиги таъминланмасдан, меҳнат стажлари юритилмаслигига ҳамда келгусида асосланган пенсия тўлови кафолатланмасдан қолишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунига биноан юк ортиш ва тушириш оғир ва хавфли ишлар тоифасига киритилган бўлиб, иш жараёнида бир ходимнинг доимий кўтарадиган юк оғирлиги 15 килограммгдан ва иш сменаси давомида жами кўтарадиган юки 870 килограммдан дан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Аёнки, қопи 50 килограмм бўлган цемент, шифер ва ёғоч маҳсулотлари сотишда 1 нафар ишчи билан мазкур нормаларга амал қилиб бўлмайди. Юридик шахс эса расмий равишда истаганча ишчи кучидан фойдаланиши мумкин.
Солиқ ходимларининг бу каби тарғиботлари самарасида айни пайтга келиб қурилиш материалларисавдоси билан шуғулланаётган 100 дан ортиқ якка тартибдаги тадбиркор юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтди.
Изоҳ (0)