Ўзбекистонда 100 минг сўмлик банкнота чиқарилишининг инфляцияга таъсири борми? Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Муҳамет Жумагалдиев қуйидаги фикрларни билдирди.
— Марказий банк томонидан 100 минг сўмлик банкнотани муомалага чиқаришдан мақсад аҳолига нақд пул орқали ҳисоб-китобларда қулайлик яратиш, сақлаш, ташишни осонлаштириш, муомаладаги банкноталар структурасини оптималлаштиришдан иборат.
100 минг сўмлик банкнота эскирган пул бирликларини муомаладан чиқариш ҳисобига киритилмоқда. Шунинг учун бу банкноталарнинг муомалага чиқарилиши амалдаги нақд пул массасининг ошишига олиб келмайди.
Демак, муомаладаги нақд пуллар структурасининг ўзгариши инфляциянинг ошишига таъсир қилмайди. Яна ҳам соддароқ айтганда, 100 минг сўмлик пул аҳолига қўшимча қулайлик яратади ва банкоматлар орқали хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширади.
Изоҳ (0)