Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги кибержиноятчилик ҳақида маълумот бериб, мамлакатда қайд этилган шундай ҳолатларни санаб ўтди.

Фото: ИИВ

Фото: ИИВ

Айни вақтда ахборот чегара билмас кучга айланиб, у бутун дунё аҳолисини бошқармоқда десак муболаға бўлмайди. Энг йирик глобал маконга айланган интернет нафақат шахсга, балки жамият ва давлат хавфсизлигига дахл қилувчи қуролга ҳам айланиб бормоқда.

Мамлакатда ҳар бир фуқаронинг ўзи истаган ахборотни олиш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Лекин, ушбу имкониятлардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланаётган шахслар ҳам йўқ эмас. Улар виртуал оламда инсонлар онгини заҳарлаш, ўзганинг бойлигига кўз тикиш ва шахснинг қадр-қимматини топташ билан боғлиқ ҳаракатларни содир этиб, жиноятчиликка қўл урмоқда. Айнан шу орқали глобализация жараёни ҳаётимизга «кибержиноят» тушунчасини олиб кирди.

Кибержиноят виртуал фазода содир этилаётган жиноят ҳисобланиб, унинг вужудга келиши бевосита интернет тармоғининг пайдо бўлиши билан боғлиқдир. У дунёда содир этилаётган жиноятлар орасида 4-поғонада туради. Кибержиноятчилик ибораси ўз ичига компьютер тизими ва тармоғи ёрдамида юз бераётган барча жиноятларни қамраб олади. Унда тор маънода компьютер тизими жиноят қуроли бўлса, ахборот хавфсизлиги эса жиноят объэкти ҳисобланади.

Қисқача қилиб айтганда, кибержиноят инсонлар томонидан пул топиш, бойлик орттириш ёки бошқа ғаразли мақсадларда ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурган ахборот технологияларидан ноқонуний фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ижтимоий хавфли қилмишдир.

Унинг асосий турлари сирасига вируслар ёрдамида зарар етказувчи дастурларни тарқатиш, паролларни бузиб кириш, кредит карта ва бошқа банк реквизитларидаги рақамларни ўғирлаш, фирибгарлик шунингдек, интернет орқали қонунга зид ахборотларни — бўҳтон, порнографик материалларни тарқатиш кабилар киради. Аммо глобал тармоқда бу жиноятнинг йил сайин янги турлари пайдо бўлмоқда.

Ўз ўрнида, дунё мамлакатлари мазкур долзарб муаммога қарши кураршиш мақсадида 2001 йил 23 ноябрда «Кибержиноят тўғрисида»ги Будапешт конвенцияси қабул қилинди. Ҳозирда ушбу конвецияга 40 га яқин давлатлар аъзо бўлган. Бундан ташқари, 2013 йилнинг 17 январида Гаагада кибержиноятчиликка қарши кураш бўйича Европа маркази расман очилди.

Ўзбекистонда ҳам жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш, уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик ва бу борада эндигина ҳаётга кириб келаётган муносабатларда юзага келадиган жиноятларни ўрганиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси негизида «Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни ташкиллаштириш» бўлинмаси ташкил этилди. Ўтган вақт давомида мазкур бўлинма томонидан ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, олдини олиш, қарши курашиш ва фош этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ўз ўрнида аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан «Oltinyul.uz» ва «E-sum.uz» веб-сайтлари орқали фуқароларни мулкий манфаатга қизиқтириб, «Молиявий пирамида» лойиҳаси тузилган. Шу асосда 8 200 нафардан зиёд фуқарондан жами 450 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари йиғилиб, ушбу гуруҳ томонидан ўзлаштирилган.

Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Н.Р. ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1881-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, 2018 йил 23 июль куни Тошкент шаҳрида 5 та автотранспорт воситаси давлат рақамлари ўғирланиб, жабрланувчилардан давлат рақамларини қайтариш эвазига Интернет тармоғидаги QIWI ва WEB money электрон тизимлари орқали пул талаб қилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Бектемир туманида яшовчи 19 ёшли фуқаро содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинди.

Шунингдек, бўлинма фаолияти давомида ахборот технология воситаларини вирус ва зарарли дастурлар тарқатиш орқали шикастлаш ҳолати ҳам аниқланган. Жумладан, 2018 йилнинг 4 октябрь куни Интернет тармоғидаги Telegram месенджеридаги «Боллар Ва Қизлар» номли 374 мингдан ортиқ аъзолари бўлган каналдан телефон ва компьютер воситаларига зарар келтирувчи дастурлар тарқатилган. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи М.V. содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинди.

Шу каби жиноятлар, қотиллик ва ўзини ўлдиришга ундовчи ҳаракатларга қарши курашиш борасида республикада энг аввало буларнинг асоси бўлган ахборот тармоқлари, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базалар яратилган. Хусусан, Конституциянинг 29-моддасида «Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир», деб белгилаб қўйилгани бу соҳада ташланган илк муҳим қадам бўлди.

Бундан ташқари, 2003 йил 11 декабрда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ва 2007 йил 27 декабрдаги «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, тобора кучайиб бораётган глобаллашув жараёнида бу каби хуружлар, кибержиноятлардан сақланиш, уларга қарши курашиш учун ҳар бир шахснинг ҳушёр ва огоҳ бўлишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамияти тўғрисида ёшлар орасида профилактика-тушунтириш ишларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир, дейилади хабарда.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маҳаллий
Ўзбекистонда бензин нархларини сунъий оширган АЁҚШларга тегишли чора кўрилиши маълум қилинди
Дунё
Арманистонда 25 минг инсон умрига зомин бўлган зилзила, Япониянинг Перл-Ҳарборга ҳужуми ва Жанубий Корея қамоқхонасида 40 йил ўтирган КХДР фуқароси. Кун хронология...
Спорт
ЖЧ—2022 да барча чорак финал жуфтликлари маълум бўлди