Сергели туман халқ депутатлари кенгаши депутати Шавкат Халилов Сергелидан шаҳар марказигача пуллик йўл қуришни таклиф қилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди, деб ёзади Spot.
Шавкат Халилов сўзларига кўра, учрашувлар пайтида сайловчилар кўпинча Сергелида янги уйлар барпо этилаётгани ва автомобиллар сонининг кўпайиши натижасида тумандан пойтахтнинг бошқа жойларига бориш қийинчилик туғдириши масаласини кўтаради.
Туман ҳокимлиги вакиллари, бошқа депутатлар ва айрим мутахассислар билан муаммонинг ечимлари ўрганилиб бир тўхтамга келинди ва ушбу вариант кўриб чиқилиши учун тақдим этилади.
Ушбу таклифнинг моҳияти — Сергели туманидаги Анна Ахматова ва Файзли кўчалари кесишмасидан Яккасарой тумани, Чўпон ота кўчасининг кичик ҳалқа йўли билан кесишмасига қадар 4,65 километр узунликдаги фақат енгил автомобиллар учун мўлжалланган олти полосали йўл барпо этишдан иборат.
«Бу ерда ҳеч қандай светофорлар бўлмайди ва йўналиш бир неча дақиқа давом этади. Таклиф қилинаётган ҳудудда турар-жой ва бошқа объектлар йўқ, шунинг учун бузиш, товон тўлаш ва шу каби муаммолар бўлмайди», — дейди депутат.
Таъкидланишича, йўл қурилишини молиялаштирилиши билан боғлиқ муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудни пуллик қилинаётганининг сабаби хусусий инвесторларни жалб қилиш йўли билан зарур маблағларни йиғиш ва тезда даромад келтиришни бошлайдиган лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш мумкин.
«Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, кунига 90 мингга яқин автомобиль станция орқали ўтади. Агар биз икки минг сўмлик тўловни ўрнацак ҳам, кунига ўртача 180 миллион сўм ёки йилига 65 миллиард сўмдан ошади. Бу менинг фикримча, йўлнинг қурилиши ва жиҳозланиши, унинг ишлаши учун етарли бўлади», — дейди Шавкат Халилов.
Шунингдек, автомобиль кириш-чиқиш жойидаги тўлов пунктларида камида 12 иш ўрни пайдо бўлади ва шу билан бирга, Ўзбекистонда пуллик йўлларни ривожлантириш учун пилот лойиҳа бўлади.
Изоҳ (0)