Яқинда «Hi-tech» интернет сайтида эълон қилинган бир маърузага кўра, бутун дунёда 16.000 дан ортиқ шўрсизлантириш заводлари тоза сувдан кўра кўпроқ заҳарли чиқиндиларни ишлаб чиқаради. Яъни, бир литр чучук сув олиш учун бир ярим литр туз чиқиндиси ажратилади. Кейин эса бу чиқинди океанга ёки ерга ташланади.
Ишлов берилган туз кимёвий моддалар (мис, хлор) таъсирида яна ҳам заҳарлироқ бўлиб қолади. Йилига 50 миллиард куб метрдан ортиқ ҳажмдаги бундай тузлар ўртача 30 сантиметрли майдонни қоплаш учун етарли бўлади.
Тузлар қирғоқ сувларининг ҳароратини оширади ва кислород даражасини пасайтиради. Натижада экотизимларда «ўлик ҳудудлар» ҳосил бўлади. Организмлар бундай шароитларда нафас олиш қобилиятини йўқотади.
Олимларнинг фикрига кўра, дунёдаги тоза сув миқдори тобора камайиб бормоқда: катта дарёлар энди денгизга қуйилмаяпти, табиий сув ҳавзалари қуриб қоляпти, ифлосланиш эса ерости ва ер усти сувларига зарар етказяпти. Иқлим ўзгариши натижасида дунё аҳолисининг деярли 7 фоизи – ярим миллиард киши – 20 фоиз кам сув истеъмол қилади.
Яқинда Ҳинд океанида топилган катта ўлик ҳудудда кислород миқдори одатдаги сув ҳавзаларига қараганда 8-10 минг марта кам экани маълум бўлди. Кислороддан маҳрум бўлган океаннинг қисмлари жонсиз бўлиб қолган. Йилдан йилга бундай ўлик ҳудудлар сони ортиб бормоқда. Бунга туз чиқиндиларидан ташқари, чиқинди сувлардан қўшиладиган азот-фосфор ўғитлар ҳам айбдор.
Изоҳ (0)