«Дарё» таҳририятига Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 15-мавзе 75-уйда яшовчи Севара Худойбердиева мурожаат қилди.
Фуқаро ҳозирда истиқомат қилаётган уй 1974 йилда қурилган. Бу уйда 72 та хонадон бор. Ҳозирда уйнинг ҳолати умуман талабга жавоб бермайди.
«Йил сайин чўкаётган уйнинг чекка томони икки тарафга ажралиб қолган. Хонадонда иситиш батареялари бўлгани билан исимайди. Куз-қиш мавсумида хонадонлар совуқ бўлиб кетади. Газ ёқиб исинишга мажбурмиз. Иситиш мосламасиз хонадонда ўтириб бўлмайди. Назаримда бирор фалокат юз бермагунча ҳеч ким бу муаммога эътибор бермайдигандек», — деб ёзади Севара Худойбердиева.
Мурожаатда айтилишича, ушбу уйда яшовчи фуқаролар бир нечта ташкилотга, жумладан Президент қабулхонасига ҳам муаммони ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилган.
«Ташкилотлардан келган ходимлар эса қўлда қоғоз қоралаш билан кифояланишди холос. Жавобини айтишга ваъда беришади ҳар сафар, аммо бефойда кутиш. Туманимиз ҳокими бу масалани ҳал қилишга ваъда берган эди, аммо бирор натижа йўқ», — дейилади мурожаатда.
Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар ушбу мурожаатга эътибор қаратади ва муаммо яқин кунларда ҳал этилади.
Изоҳ (0)