Мактабгача таълим вазирлигида ташкил этилган ички аудит хизмати аудиторлари томонидан ўтказилган ўрганишларда MTMларда озиқ-овқат маҳсулотлари беркитиб қўйилган яширин хоналар аниқланмоқда. Бу ҳақда 2018 йил якуни ҳисоботига таяниб, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-сонли MTMда озиқ-овқат маҳсулотлари тарози остига ва яширин хонага, Сергели туманидаги 292-сонли MTMда чойшаблар орасига, Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 5-сонли MTMда электрошит хонасига, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги 8-сонли MTMда кир ювиш хонасига яшириб қўйилганлиги аниқланган.
Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 596-сонли MTMда яшириб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт — 11,7 килограм, пишган гўшт — 10,9 килограм, товуқ гўшти — 4 килограм, шакар — 23,8 килограм, чой — 0,65 килограм, қанд — 1,45 килограм, сариёғ — 5,5 килограм, тухум — 100 дона, сут — 2,5 литр.
Жиззах шаҳридаги 39-сонли MTM ходимлари аудиторлар келганида 27 килограм гўшт маҳсулотини канализация чуқурига ташлаб юборган.
Шунингдек, MTM ходимлари томонидан таомномаларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилиб, сохта таомномалар тузилганлиги аниқланган. Наманган вилояти Наманган туманидаги 11-сонли MTMда ошхонадаги таомнома, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳисобдан чиқариш учун бухгалтерияга топширилган таомнома билан солиштирилганда бир-бирига тўғри келмаслиги аниқланди, натижада 14,7 миллион сўмлик маҳсулотлар ортиқча ҳисобдан чиқарилган.
Ноқонуний ҳаракатлардан яна бири ота-оналарнинг болалар таъминоти учун тўловларини ҳисоблашда имтиёзларни нотўғри қўллашдир. Наманган вилояти Норин туманидаги 6-сонли ихтисослаштирилган MTMда 2016—2018 йилларда 54,9 миллион сўм тўлов пуллари асоссиз ҳисобланмаган.
Изоҳ (0)