Навоийда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббусибиланвилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида илк бор «Инновацион ривожлантириш кенгаши» ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Ушбу кенгаш тадбиркорлар ҳамда бизнес фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, керакли таклифларни ишлаб чиқади. Шунингдек, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ташкил этишда янги ғоялар ва энг илғор хориж тажрибаларини амалиётга жорий қилиш ҳамда ахборот-коммуникацион технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда янги хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича таклифларни шакллантиришда кўмаклашади.
—«Инновацион ривожлантириш кенгаши»ни ташкил этиш давомида вилоятдаги тадбиркорлар фаолияти билан танишув учрашувлари ва «бизнес саёҳат»лар уюштирилди. Илғор тадбиркорлар вилоятдаги қўшма корхоналарда бўлиб, ўзаро билим ва тажрибалар алмашилди. Тадбиркорларнинг Германияга сафарида ушбу корхоналар тарғиботини олиб бориш бўйича келишувлар амалга оширилди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши раиси Жамшид Хўжаев. — Кенгаш аъзолари энди ҳар ойда бир маротаба йиғилиш ўтказиб, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ва инвесторларни жалб этишга қаратилган масалаларни муҳокама этади.
«Инновацион ривожлантириш кенгаши» раиси лавозимига «DEKOS» компанияси асосчиси Ҳасан Мамасаидов номзоди тасдиқланди. Таъсис йиғилишида кенгаш раис ўринбосарлигига вилоят ҳокими Кобул Турсунов сайланди.
2 кунлик ташриф давомида 12 нафар тажрибали тадбиркор ва навоийлик ёшлар иштирокида ҳудудни янада ривожлантиришда замонавий, инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш буйича бир қатор давра суҳбатлари,«Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусидаги учрашувлар, ёш тадбиркорлар учун тажрибали тадбиркорларнинг бизнес сирлари бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.
Изоҳ (0)