«Дарё»нинг доимий колумнисти Азамат Акбаров Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессоридир. Ёш бўлишига қарамай, у аллақачон дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида бўлган. У айни пайтда бўлиб турган давлати — Жанубий Кореянинг ривожланиш сирлари, шунингдек, Ўзбекистон ундан нимани ўрганиши керак, нимани ўрганиши керак эмас — шу масалалар ҳақида фикр юритади.
Унинг айтишича, аксарият кореяликлар Ўзбекистон ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди; улар мамлакатнинг ҳудуди, пойтахти ва географик ўрнидан умуман бехабар. Ўзбекистоннинг кўп миллатли мамлакат эканлиги кўпчиликни ҳайрон қолдиради.
Нега айнан Жанубий Корея?
Тўғрисини айтадиган бўлсам, бир неча вариант ичидан битта мамлакатни танлаш учун узоқ фикр юритдим, бироқ Жанубий Кореяни танладим.
Биринчидан, сифатли таълим. Жаҳоннинг энг яхши таълим тизимларининг глобал рейтингида Корея энг юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Иккинчидан, кучли иқтисодиёт. 2004-2009 йилларда яшаб, ишлаган, менга таниш бўлган ривожланган Шарқ мамлакатига бориш ҳар доим ҳам қизиқарли. Европада саккиз йил, Қозоғистонда икки йил яшадим. Европанинг қарийб ҳамма мамлакатларини кезиб чиқдим. Бизда Ғарб давлатлари ҳақида гапиришганда, ривожланган инфратузилма объектлари, толерант ва табассум қилувчи инсонлар эсга олинади. Мен у ерга борганимда ўзим кутган нарса ва ҳодисаларнинг гувоҳи бўлдим.
Кореяда эса шароит бироз ўзгача. Бу ҳам ривожланган давлат, бироқ у шарқий ярим шарда жойлашган, бу ерда эса инсонлар менталитети ўзгача, ҳаёт ҳақидаги тушунчалар, қадриятлар ва темперамент ўзгача. Жанубий Корея таълим тизимининг халқаро майдондаги мавқеси жуда баланд. Бу тизим турли сабабларга кўра қадрланиб келинади. Жумладан, унинг нисбатан юқори тест синовлари натижалари ва Жанубий Корея иқтисодий ривожланишини илгари суриши ҳамдир, чунки бу тизимда дунёда энг билимли ишчи кучи тайёрланади. Жанубий Кореянинг ҳавас қилса арзигулик академик кўрсаткичлари Британия таълим вазирларини Кореянинг жиддий олға юриш суръати ва аъло даражага етишишга бўлган ғайрат ва юқори таълим муваффақиятлари билан беллашиш учун ўз тизимларидаги дарс дастурлари ва имтиҳонлари моделларини қайта ишлаб чиқишга мажбур қилди.
Ёши 25-34 да бўлган кореяликларнинг 68 фоизида бакалавр дипломи бор. Уларнинг аксарияти Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотида (ИҲРТ) ишлашади.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея орасида қандай фарқ бор?
Кореяликлар жуда меҳнатсевар, ўз ишига, ҳатто бир нарсани бошқа жойга олиб қўйиш каби оддий ишга ҳам ўта катта масъулият билан ёндашадиган халқ. Биз ўзбеклар корейс халқининг бу хислатига ҳавас қилишимиз лозим. Балки орамиздаги асосий фарқ ҳам шундан иборат бўлса керак. Корейс халқи эрта тонгдан жуда кўп ишлайди — меҳнатни севади. Шунингдек, бу халқ вакиллари бошқаларга жуда дўстона муносабатда бўлади. Метрода, бекатда, бозорда — бирор жойда бирор нарса учун навбат пайдо бўлса, итариш, навбатни бузишга уриниш каби тартибсизлик умуман кузатилмайди.
Бу ерда бепул тарқатилиб турган нон ёки овқат учун одамлар бир-бирини ур-тўполон қилишини ёки Наврўзда мега-рекорд палов учун, болаларни ҳимоя қилиш кунида бепул музқаймоқ учун одамлар уймалашишини ҳеч қаерда кўрмадим. Одамлар бир-бирига йўл беради ёки ўтказиб юборади. Мана бу ҳолат ўзбекистонликлар ўрганиши лозим бўлган хислат — бир-бирини ва, авваламбор, инсон ўзини худди мана шу каби ҳурмат қила билиш.
Корея кўчаларидаги тартиб ва полиция ходимларининг фуқароларга муносабати менга ёқади. Менимча, Жанубий Корея пойтахти дунёда энг хавфсиз шаҳарлардан бири деб тан олинади: бу шаҳарнинг ҳар бир бурчагида камералар ўрнатилган, тартиб ўрнатувчи полициячилар жуда дўстона муносабатда — керакли бўлган ҳолатларда, ҳалокатга учраган инсонга ёрдам беради.
Дўстона кореяликлар
Кореяликлар ҳар қандай зиддиятли ҳолатни юмшоқлик билан ҳал қилишга уринади. Мен икки эркак кишини елкалари билан бехосдан тўқнашиб кетганларига иккиси ҳам дарҳол тўхтаб, таъзим қилиб бир-биридан кечирим сўраганига гувоҳ бўлганман. Бироқ бундай хулқ ўзаро ҳурматгагина боғлиқ эмас. Юзга шапалоқ уриш учун 50 000 доллар жарима ундирилиши, оғирроқ ҳолатларда эса қамоқ жазосига ҳам тортилиши мумкин. Қисқаси, кореяликлар судларга қатнашни ва полиция чақиришни хуш кўради. Деярли ҳамма жойда камералар ўрнатилган. Агар бирор киши лифт ичида «енгил ҳожатини» чиқарса, у кишининг дарров шахсияти аниқланиб, топилиб, жазоланади.
Кореяда қариялар сони жуда кўп ва аксариятининг қомати эгилган ёки букри бўлиб қолган. Айтишларича, бу ҳолат кореяликлар деярли сут маҳсулотлари тановул қилмаслиги ва инсонлар кўп оғир меҳнат қилиши билан боғлиқ. Айтмоқчи, кореяликларда ёши улуғларга жамоатчилик транспортида жой бериш ва умуман ёрдам бериш қабул қилинмаган. Кўп ҳолларда бу ҳақорат сифатида тушунилади.
Бу мамлакатни севишимга сабаб бўлган кўплаб кундалик ҳаётда учрайдиган одат ва воқеалар мавжуд. Корея кафе ва ресторанларида бепул сув беришлари, асосий таомга қўшиб бепул салатлар тортишларини ҳамда кофе қуювчи машинадан бепул фойдаланиш мумкинлиги жуда яхши одат. Ҳар бир дўконда микротўлқинли печка ўрнатилган — уларда хоҳлаган таомни иситиб олиш, чой ёки сув иситгичдан қайноқ сув олиб кофе тайёрлаб олиш мумкин.
Жанубий Кореяда ернинг ҳар бир таноби ҳисобда, шу боис улар шоли ёки бошқа бирор нарса экишади.
Айтганча, бизга мактабдан таниш бўлган дунё харитаси Кореяда умуман бошқача тузилган. Маҳаллий харитада Жанубий Корея нақд марказда кўрсатилган. Маданият ва менталитетимиз турли бўлишига қарамасдан, икки мамлакат ўртасида ўхшашликлар мавжуд. Бу ерликлар ҳам биз каби ҳамма нарсани кўз-кўз яхши кўради, фақат улар жуда мақтанишмайди, уларнинг ҳашаматга бўлган муносабатлари бироз бошқача.
Бир маошга автомобиль олиш имконияти
Кўплаб ватандошларимизнинг Жанубий Кореяга пул ишлаш учун бораётганларини тез-тез эшитиб тураман. Одамлар бирор жойга дам олишга эмас, пул ишлаш учун бориши ачинарли ҳол. Уларнинг барчасини тушунса бўлади — моддий имконлар етарли эмас, нарх-наво эса ўсиб бормоқда.
Жанубий Кореяда 1000 доллар атрофидаги минимал маош билан бизнинг одамлар бу ерда ишлатилган автомашина сотиб олишга қурблари етади ёки, масалан, Филиппиндаги бирор оролга дам олишга бориб келишлари мумкин. Шу сабабдан ҳам одамлар Кореяга йўл олади; баъзилар ҳақиқатан ҳам 2000-3000 долларгача маош олади, аммо бу жуда оғир меҳнат талаб қилади.
Ҳозир Кореяда маҳаллий тил ва инглиз тилини ўргаганаётган ўзбекистонлик талабалар кўп. Ўзбекистонликлар бир-бири билан учрашувларда ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилади. Жанубий Кореяда МДҲ мамлакатларидан келтирилган маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўконлар очган, Ўзбекистонга хос нарсалар — қурут, тандир нони ёки ҳолвани татиб кўрса бўладиган кафелар юргизаётган, Марказий Осиёда туғилиб катта бўлган этник корейслар ҳам талайгина.
Жанубий Корея бизнинг тушунчамизда ва тасаввуримизда
Кореяга келгач, дарҳол тозалик ва тартибга эътибор қаратасиз. Тозалик ва шинамлик аэропортдан бошланиб ҳар бир тор кўчагача. Ҳамма жой тозаланган. Кўчаларда уйсиз бечоралар ва тиланчилар йўқ.
Эркаклар қизлар/аёллар учун эшик очиб турмасликларига, уларни олдинга ўтказмасликларига, жой бермасликларига узоқ вақт кўниколмай юрдим, шунингдек, кореяликларда ўз норозиликларини овоз чиқариш айтиш одат эмас. Бу ерда бемалол калта юбка ва шимларда юришади, аммо кўкракни чуқур кўрсатувчи деколте кўйлаклар кийиш ва елкаларини очиқ ҳолда қолдириб кийиниш ахлоққа зид ҳисобланади. Кореялик қизлар ва аёллар босоножкалар ёки икки ўлчам катта қайиқча туфлилар кийиб юришади — ҳали-ҳануз бу нима билан боғлиқ эканлигини билолганим йўқ.
Тиббиёт даражаси ҳам анча юқори, аммо тиббий хизмат ҳам ўзига яраша қиммат. Бепул тиббий ёрдамга умид қилмаса ҳам бўлади. Масалан, таҳлил (қон, пешоб) топшириш ва флюорографик тасвир олиш учун 500 доллар атрофида тўлаш лозим, дори-дармонни қўшсак, бу рақам 800 долларга чиқади.
Кореяда олий таълим
Олий маълумотли бўлиш жуда муҳим. Кўпчилик олий таълим яхши ҳаёт учун ягона йўл варақаси деб ҳисоблайди. Бу мамлакатда барча давлат ишига, миллий компанияларга ишга жойлашишга ҳаракат қилади. Бундай корхонага ишга кириш учун суҳбат ва имтиҳонлардан ўтиш лозим. Рақобат жуда катта, шунинг учун одамда бирор нуфузли университет дипломи бўлиши шарт. Бундай университетга кириш учун эса кореялик мактаб чоғида ҳаддан ортиқ тер тўкиши ва битирув имтиҳонида энг юқори бални олиши лозим. Имтиҳонни топшира олмаган одам ўзини омадсиз деб ҳисоблайди ва бу унинг ҳаётида хотин ҳам, фарзандлар ҳам, иш ҳам бўлмайди деган маънони англатади.
Кореяликлар ўзларини ўлгунча ишлашга мажбур қилади
Бу мамлакатда корейс тилида керагидан ортиқ ишлашдан ўлиш маъносини берувчи «гвароса» деган сўз бор. Ҳукумат маълумотларига кўра, юзлаб одам ортиқча ишлагани туфайли ўлаётган экан. ИҲРТ
мамлакатлари орасида кореяликлар бир ҳафтада ўртача иш соати энг юқори бўлган иккинчи халқ ҳисобланади, бу меҳнатсевар Германия халқидан 50 фоизга баланд кўрсаткич. 2018 йилнинг июль ойида, ҳукумат ҳафтада максимал иш соатларини инсонни ҳолдан тойдирувчи 68 соатдан 40 соатга туширишга ва бунга 12 соат ҳақи тўланадиган ортиқча иш соати қўшилишига қонун мақоми берди. Бу ҳужжат борасида президент Мун шояд «халқимиз ортиқча ишлайдиган жамиятдан оилалари билан кўпроқ вақт ўтказадиган жамият томонга қадам қўйилса» деб умид билдирди.
Корея ортиқча ишлашни талаб қилувчи жамиятдир. Улар узоқ соат ишлашни яхши ишлаш ва маҳсулдорлик деб тушунади. ИҲРТ аъзолари орасида Жанубий Кореяликнинг бир ҳафталик ўртача иш соати кўрсаткичи Мексика ва Коста Рика кўрсаткичларидан кейинги учинчи ўринда. Жанубий Корея Шимол билан бўлган урушдан кейин тез орада оёққа туришга мажбур бўлганлиги туфайли ҳар бир ишчидан улкан ҳажмдаги ишни бажаришни талаб қилувчи тузум яратилган эди. Эндиликда бу маданиятга, одатга айланди.
Кореялик ёш аёллар фарзанд кўришни ҳам, турмушга чиқишни ҳам хоҳламайди
Аёлларда ишдаги бошлиқлари уларни ҳайдаш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда деган ҳадик бор. Аёллар ҳомиладор бўлган пайтда хавотирга соладиган кўп ҳоллар мавжуд, шу боис улар ҳомиладорлигини эълон қилишдан олдин узоқ фикрлаб кўради. Мени қуршаб турган одамларнинг кўпчилигида фарзандлари йўқ ва фарзандли бўлишни режалаштиришмайди ҳам.
Кўпинча Жанубий Кореянинг сўнгги 50 йил ичида ривожланаётган мамлакатдан жаҳоннинг энг йирик иқтисодларидан бирига айланиши ортида оғир меҳнат маданияти, узоқ соатлар ва ўз ишига содиқлик туради деб эътироф этилади. Ушбу ўзгаришларда аёллар роли кўпинча эътибордан четда қолгандай туюлади.
Ўз юртида уйланишни истаб, моддий муаммо ёки феминизм сабабли уйланолмаган корейс эркаклари бошқа ривожланаётган давлатларга бориб, арзон ва кам харажат талаб қиладиган маросимларни ўтказиб, ўзга юртлардан уйланади. Бундайлар орасида ўзбек аёллар ҳам бор.
Кореянинг иқтисодий муваффақияти аксарияти аёллардан ташкил топган, паст иш ҳақи тўланадиган завод-фабрика ишчиларига боғлиқ эди. Ҳозирги кунда аёллар авваллари кўпроқ эркаклар эгаллаган соҳаларни — бошқарув ва касб-ҳунарларни ўзлаштириб бормоқда.
Жанубий Кореяда чақалоқларнинг камлиги масаласи нуқтаи назаридан қаралса, ушбу масалани тушуниш осон бўлад. Мамлакатдаги никоҳ қуриш кўлами қайд қилиш ишлари бошланганидан буён энг паст кўрсаткичида — 1970 йилда 100 кишига 9,2 никоҳ тўғри келган, ҳозир эса 1000 киши учун 5,5. Никоҳсиз жуфтликлардан жуда кам бола туғилади.
Одамларни оила қуришдан тўхтатиб турган яна бир омил харажатларнинг катталигидир. Давлат таълими бепул бўлса-да, рақобатбардош таълим от-оналар фарзандлари тегишли даражада билимли бўлишларини таъминлаш мақсадида қўшимча дарслар учун қўшимча маблағ топишларини талаб қилади.
Ушбу таркибий қисмларнинг барчаси бирлашиб Кореяда янги бир ижтимоий феноменни яратди — сампо авлоди. «Сампо» сўзининг маъноси уч нарсадан воз кечишини англатади: қариндошлар ва яқинлар билан алоқалар, никоҳ ва фарзанд кўришдан. Агар фарзанд туғилишининг паст кўрсаткичлари ҳақида Жанубий Кореянинг ёши катта авлодлари вакиллари билан суҳбатлашсангиз, бу масалага бўлган муносабатларда жиддият ўта кескин фарқ қилишини кўрасиз. Улар ёш авлодни ўтакетган индивидуалистлар ва худбин деб ўйлайди.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)