Беларусь президенти Александр Лукашенко Россияни энди «қардош давлат» деб атамайди, деб хабар берди «Znak.com».
Беларусь президенти бу ҳақда Минскнинг Москва билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш давомида маълум қилган.
Александр Лукашенконинг қайд этишича, Россия Беларусь учун асосий ташқи ҳамкор ҳисобланади.
«Мен Россияни ‘қардош давлат’ деб атамаяпман. Чунки менга хабар беришларича, Россия томонидан бу ибора қабул қилинмаяпти. Гўёки бу ҳолат ҳукуматга янги келган айрим инсонларга тушунарсиз эмиш. Нимаям дердим, шунчаки ҳамкорлар бўламиз», — дейди Лукашенко.
Сўнгги пайтларда Минск Кремль билан нефть соҳасидаги солиқ тизимига компенсация масаласини муҳокама қилмоқда.
Россия молия вазири Антон Силуановнинг маълум қилишича, Москва Беларусга ушбу масала юзасидан ҳеч қандай сўз бермаган.
Қайд этилишича, Лукашенко эртага, 26 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)