Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Ўзбекистон: жамоатчилик фикри – 2018» мавзуида ижтимоий сўров ўтказилди. Унда фуқароларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ўсиш суръати ҳақидаги фикрлари, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида эришилган натижалардан қониққанлик даражаси ўрганилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Сўровда шаҳар ва қишлоқларда истиқомат қилувчи, ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган 18 ва ундан катта ёшдаги турли миллат, ижтимоий гуруҳлар вакиллари иштирок этди.

Сўров натижалари Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили мамлакат фуқаролари учун барқарор ва муваффақиятли бўлганини кўрсатди. Фуқароларнинг аксарияти (87,4 фоиз) Ўзбекистон учун иқтисодий фаоллик даври бошланди, деб ҳисоблайди. Тадқиқот иштирокчиларининг фикрича, 2018 йилда мамлакат ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар, биринчи навбатда, давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган ҳамда замонавий хатар ва таҳдидларга жавоб беришга қодир бўлган, ҳар бир фуқаро ва бутун жамият манфаатлари ифода этилишини таъминлайдиган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар билан боғлиқ.

Сўров жараёнида маълум бўлишича, кўпчилик аҳоли мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва камситилишига йўл қўймасликка қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини ижобий баҳоламоқда.

Жамоатчилик фикри бўйича ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, мамлакат фуқароларининг аксарияти (99,2 фоиз) Ўзбекистонда юритилаётган миллий сиёсатни миллатлараро ва фуқаролараро тотувликнинг асоси, деб билади.

82,1 фоиз иштирокчининг фикрича, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни янада жадаллаштириш учун маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

88,9 фоиз респондент мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ошгани, хорижий давлатлар, халқаро сиёсий етакчилар, дунёдаги нуфузли ташкилотлар билан ҳар томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланганини якунланаётган йилда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда қўлга киритган энг асосий ютуғи, деб ҳисоблайди.

Сўров 96,3 фоиз ўзбекистонликлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида суд-ҳуқуқ тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Сўровномада қатнашган 81,4 фоиз фуқаро уй-жой қурилишининг фаоллашиши, шаҳар ва қишлоқлар янада обод бўлаётгани, аҳолининг арзон уй-жойлар билан таъминланиши бу йилда ижтимоий соҳадаги энг муҳим ютуқлардан бири эканига ишонч билдирган.

78,1 фоиз иштирокчи «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг амалга оширилиши фуқароларнинг турар жой билан боғлиқ ва ижтимоий муаммоларини ҳал этишга ёрдам берди, 76,7 фоизи эса поёнига етаётган йилда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, аҳолини миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналари билан таништириш, миллий маданият ва маънавий меросни, тарихий объектларни асраб-авайлаш, театр ва музейлар фаолиятини такомиллаштириш, илм-фан, маданият, тасвирий санъат, адабиёт, театр ва мусиқа арбобларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, деган фикрда.

Сўров натижалари фуқароларнинг 2018 йилда таълимнинг барча босқичларидаги муаммоларни ҳал этиш, жамиятда педагоглар нуфузини ошириш, ўқув-тарбиявий жараёнга замонавий инновацион ўқитиш услублари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқув дастурлари тизими ва таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, илм-фаннинг ишлаб чиқаришга интеграциясини кенгайтиришга қаратилган самарали чора-тадбирлар амалга оширилди, деган якдил фикрини кўрсатди.

Тадқиқот жараёнида 61,8 фоиз иштирокчи хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларга юқори баҳо берди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси бу борада муҳим рол ўйнайди.

Иштирокчилар шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ижобий ўзгаришларни ҳам қайд этди. Бу борадаги ишлар самарасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, маҳаллалар ва хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги остида билмасдан жиноят содир этган, қилмишидан астойдил пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган фуқаролар, жумладан, ёшлар, хотин-қизлар, кекса ёшдагилар жазодан озод этилди. Фуқароларнинг фикрича, амалга оширилаётган ишлар ўзбек халқининг инсонпарварлик анъаналари, кечиримлилик, муҳтож фуқароларга меҳр ва эътибор кўрсатиш йўлидаги интилишларга тўла мос келади.

Кўпчилик фуқаролар мамлакатда самарали ва сифатли фаолият юритадиган давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, ҳокимиятнинг барча босқичларида тартибли фаолиятни йўлга қўйиш, аҳолининг давлат бошқаруви тизимига бўлган ишончини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга қаратилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолайди.

Сўровда қатнашган фуқароларнинг ярмидан кўпи 2018 йилда ўзларининг моддий аҳволи яхшилангани, оила бюджетидаги киримлар умумий ҳажми ошганини қайд этди. Тасдиқларга кўра, ўзбекистонликларнинг даромадлари ойлик маош, пенсиялар кўтарилгани, томорқада етиштирилган ҳосил, чорва моллари, товуқ, сут маҳсулотларини сотишдан тушган, тадбиркорлик, фермерлик фаолиятидан олинган фойда ҳисобидан ошган.

Тадқиқот давомида 2018 йил мобайнида фуқаролар даромадларининг ўсиши билан бирга, уларнинг сарф-харажатлари ва эҳтиёжлари ҳам кўпайгани аниқланди. Фуқаролар таълим, соғлиқни сақлаш, маданий ва оилавий тадбирларга ташриф буюриш учун кўп маблағ сарфлай бошлаган.

Тадқиқот жараёнида аҳолининг энг долзарб муаммолари аниқланди. Сўров иштирокчиларининг 62,7 фоизи бандлик ва ишга жойлашиш, самарали меҳнат бозорини шакллантириш муаммоларини ҳал этишни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Коммунал хизматлар нархларининг ошиши, аҳоли миграцияси, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятининг чегаралангани шулар жумласидандир.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, аксарият аҳоли иқтисодий ислоҳотлар фуқароларнинг келгусидаги фаровонлигига таъсир кўрсатади, деб ишонади. Тадқиқот иштирокчиларининг 73,8 фоизи 2019 йилда фуқароларнинг моддий аҳволи янада яхшиланади, деган қатъий фикрда.

Умуман олганда, фуқаролар 2018 йилни ижобий баҳоламоқда. Сўров қатнашчиларининг аксарияти кириб келаётган янги йилда Ўзбекистон эришилган натижаларни сақлаб қолиш билан бирга, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиёт янги сифат босқичига кўтарилади, деган фикрда.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ўтказилган сўров мамлакат аҳолисининг аксарияти (95,6 фоизи) Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни янада ривожлантириш ва янгилаш, жамиятда ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувлик муҳитини шакллантириш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилиши ва уларнинг ҳимоя қилинишига йўналтирилган сиёсатини маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди. Тадқиқот ёрдамида мамлакат фуқароларининг давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифалар ва белгиланган мақсадларни амалга ошириш ва уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этишга тайёр эканликлари аниқланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар