«Ёнғинлар профилактикаси куни» муносабати билан Қарши шаҳридаги «Ерқўрғон деҳқон озиқ-овқат бозори» ҳудудида тадбиркор ва фуқароларга «Янги йил» байрами тантаналари олдидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фуқароларга Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси асосий ва махсус ёнғин ўчириш автомобиллари ҳамда вилоят ФВВ бошқармасининг махсус техникаларининг намойиши бўлиб ўтди. Тадбир давомида шартли ёнғин ҳосил қилиниб, уни амалда бартараф этиш ҳаракатлари ўргатилди.
Маълумот учун, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси 2013 йилдан буён 32 марта пиротехника воситаларини Ўзбекистон чегарасига олиб кириш ҳолатларини қайд этган.
Пиротехника олиб киришга уринган 31 фуқарога нисбатан маъмурий ва бир нафар фуқарога нисбатан жиноий жазо чоралари қўлланилган. Мазкур ҳолатларда жами 944 454 дона, умумий қиймати 37 674 270 сўмга тенг турли хилдаги пиротехника воситалари қўлга киритилган ва ўрнатилган тартибда яроқсизлантирилган.
Изоҳ (0)