Ўзбекистон Республикасининг давлат ғазначилик мажбуриятлари ва облигацияларини муомалага чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги томонидан давлат ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари муомалага чиқарилади.
Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари чиқарилишларининг жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ва сўндирилиши тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, қимматли қоғозларнинг номинал қиймати бир миллион сўмни ташкил этади.
Қимматли қоғозларнинг жойлаштирилиши Марказий банк томонидан аукцион шаклида ўтказилади. Аукцион шартлари ҳақидаги маълумот камида етти кун аввал эълон қилинади.
Қимматли қоғозлар олди-сотди битим тузиш орқали иккиламчи бозорда ҳам муомалада бўлади.
Қимматли қоғозларни сўндириш Марказий банк томонидан етти кун аввал бу ҳақида эълон қилиниб амалга оширилади.
Изоҳ (0)