Қорақалпоғистон Республикасида тажриба тариқасида жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи ходимларни Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм базасида ихтисослаштирилган ўқув-амалий курсларида мунтазам ўқитиш тизимини жорий этишга киришилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур янгилик Ўзбекистон Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасида жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ижроси бўйича амалга оширилмоқда.
Фармойиш асосида ишлаб чиқилган йўл харитасига кўра, Нукус шаҳри ва туманларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда аҳолини маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан Нукус шаҳри Ёшлар марказида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида «Жиноятчиликнинг олдини олишнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар» деб номланган анжуман ўтказилди.
Анжуман доирасида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ва спортни оммалаштириш мақсадида ташкил этиладиган спорт мусобақалари, оммавий спорт фестиваллари ва спартакиадалар, суҳбат-тренингларни ўтказишда «Фидокор ёшлар» жамоатчилик гуруҳларига энг илғор ҳарбий хизматчилар, аскарлар ҳам киритилиши белгилаб олинди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини амалга оширишда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги имкониятлари ҳамда офицер ва сержантларнинг ҳарбий ватанпарварликни ташкил этиш йўналишидаги илғор тажрибасидан унумли фойдаланишга урғу берилди.
Изоҳ (0)