Президент Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги, миллий маърузалар тайёрланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади.
Марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади.
Марказ ҳар йили Президент, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажаришда фаол ва бевосита иштирок этиш, идоралараро ҳамкорлик қилиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар марказ фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳалари марказ билан мажбурий равишда келишилади.
Марказ директори мақоми, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирга, директорнинг биринчи ўринбосари вазирнинг биринчи ўринбосарига, директор ўринбосари вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.
Изоҳ (0)