Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда Самарқанд кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази спорт базасида Ўзбекистон миқёсида эркаклар ўртасидаги регби-15 чемпионатининг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур мусобақада жами 8 та жамоа 2 гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб борди. «А» гуруҳида Тошкент ҳарбий округи, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Қуролли кучлар академияси ҳамда Мудофаа вазирлиги спорт клуби жамоалари ўзаро беллашган бўлса, «B» гуруҳида эса Марказий, Шарқий ҳарбий округлари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоалари куч синашди.
30 ноябрь куни бошланган муросасиз беллашувларнинг финал босқичи кеча, 9 декабрь куни Чирчиқ олий танк қўмононлик-муҳандислик билим юрти спорт майдонида Тошкент ҳарбий округи ҳамда Шарқий ҳарбий округи жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Қишнинг совуқ ҳавоси ва ёмғирлар остида кечган курашларда ўзининг юқори савиядаги ўйинини намойиш эта олган Тошкент ҳарбий округи жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, чемпионликка эришди.
Чемпионат ғолиб ва совриндорлари тегишли кубог, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Турнирнинг ёпилиш маросимида сўзга чиққан Қуролли кучлар бош штаби бошлиғининг ўринбосари – Ўзбекистон регби федерацияси раисининг биринчи ўринбосари полковник Шуҳрат Икрамов барча иштирокчиларни қутлаб, уларга миннатдорчилик билдирди ва кейинги мусобақаларда омад ёр бўлишини тилади.
Изоҳ (0)