2018 йил, 25 апрель тунги соат 01:20. «Ливерпуль» Европа Чемпионлар Лигасининг ярим финали 1-учрашувида «Рома»ни 5:2 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур ўйин каминани кичик ҳадик ва катта ҳаяжон билан биринчи марта мисрлик Муҳаммад Салоҳ (у собиқ жамоасига 2 та гол урганди) ҳақида мақола ёзишга ундади.
Ҳар ҳолда ўша вақтда ҳамманинг оғзида Муҳаммад Салоҳ эди. Аммо мени ҳам бошқалар каби Салоҳнинг келаси мавсум ҳам шу тарзда ўйин кўрсата оладими ёки йўқ деган савол қийнагани бор гап. Балки шу боисдан ҳам Салоҳ ҳақида қоғоз қоралашга(клавиатурага қўл бормаган деб ўқилсин) қўлим бормагандир. Аммо мисрлик сеҳргар бир мавсумлик футболчи эмаслигини ва Жозе Моуриньонинг катта хатога йўл қўйганини кеча, 8 декабрь куни «Борнмут»га қарши ўйинда яна бир бор исботлади.
Чемпионлар Лигаси финалида Салоҳ Серхио Рамос билан курашда елкасидан жароҳат олиб майдонни тарк этгач, унинг Россиядаги мундиалда иштирок этиши сўроқ остида қолди. Мисрни елкасида ЖЧ—2018 олиб чиққан Салоҳга мундиалда ҳам катта умид билдирилганди. Аммо жароҳат унинг Россия майдонларида порлашига имкон бермади.
Жорий мавсум старти ҳам Муҳаммад учун кўнгилдагидек бошланмади. Мавсум аввалидаги 11 та ўйинда урилган учта гол Салоҳнинг салоҳиятига шубҳа уйғотгани бор гап. Бироқ Муҳаммаднинг елкасидан олган жароҳати-ю ўтган мавсумдаги кучли чарчоқ аломатларини кўпчилик ёддан чиқарди. Мухлисларнинг жорий мавсум Салоҳдан катта нарсаларни кутиш табиий эди. Боиси у ортда қолган мавсумда «Ливерпуль» сафида 52 та ўйин ўтказиб 44 та гол уриб қўйганди. «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп эса Салоҳга катта умид билдириш билан бирга, ёзда ажойиб трансфер кампаниясини амалга оширди. Клопп катта захирасиз керакли натижага эришиб бўлмаслигини биларди. Шу боисдан ҳам жамоага Аллисон, Шақири, Наби Кейта ва Фабиньо каби ўйинчилар жалб этилди. Салоҳ—Мане—Фирмино триоси ўтган мавсумдаги ўйинидан жуда яхши хабардорсиз. Бу мавсум эса уларнинг ҳеч бири барқарор эмас. Мане баъзан жуда зўр ўйин кўрсатса, гоҳи ундан худбинроқ ўйинчини майдонда топа олмайсиз. Фирмино эса ҳозирча ўтган мавсумдаги ўйинларининг ярмини ҳам кўрсата олгани йўқ. Шундай ҳолатда Салоҳнинг бир ўзи катта натижалар кўрсатиши қийин эди. Салоҳнинг янги келган ўйинчилар билан тил топишиб кетишига эса маълум вақт талаб этиларди. Шу вақт энди келганга ўхшайди. «Борнмут»га қарши ўйин унинг бир мавсумлик ўйинчи эмаслигини кўрсатиб берди. Салоҳнинг мазкур ўйиндаги 2 ва 3-голи Жозе Моуриньонинг яна бир бор бошини чангаллашига сабаб бўлганига ишонамиз. Унинг ҳисобидаги голлар ҳозирда 10 тага етди ва АПЛ тўпурарлари рўйхатида Пьер-Эмерик Обамеянг билан пешқадамлик қилмоқда. Ўз ҳисобига 16 та ўйинда 5 та голли узатмани ёзиб қўйганини эса «торт устидаги олча» деса бўлаверади.
Салоҳнинг кеч порлаганини (у 25 ёшида «Ливерпуль»да порлади, бунгача эса «Челси», «Фиорентина» ва «Рома»да тўп суриб кўрди) кўриб, Тошкентнинг «Локомотив»ида иккинчи ёшлигини ўтказаётган (Суперлигада 14 та гол урди 32 ёшида, ахир) Марат Бикмаевни эсладим. Ўзимни Эктор Купернинг вақтида Миср терма жамоасида Салоҳга бош мураббийлик қилгани ва ҳозирда Марат ўйнайдиган Ўзбекистон терма жамоасига устозлиги тасодиф эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилдим. Салоҳ Мисрни Жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлса, Бикмаев Ўзбекистонни жилла қурса, январда бошланадиган Осиё Кубоги—2019 ярим финалига олиб чиқар деб яхши ният ва умид қилиб қўйдим. Ахир умид қилиш учун ҳозирда Ўзбекистон термаси таркибида январда 33 ёшни қарши оладиган Бикмаевдан кўра, яхшироқ ҳужумчи йўқ-да. Бўлса ҳам Бикмаевчалик гол урмаган ёки мен уни танимайман.
Мавзудан четлашмаган ҳолда Салоҳнинг бир мавсумлик футболчи эмаслигини энди қўрқмасдан баралла айтсак бўлаверади. Ҳар ҳолда у таслим бўлмаслигини кеча кўрсатиб қўйди. Биз эса унинг бу борадаги далилларини томоша қилишни тавсия қиламиз:
Муҳаммад Салоҳнинг «Борнмут»га урган иккинчи голи:
Муҳаммад Салоҳнинг «Борнмут»га урган учинчи голи:
Изоҳ (0)