9 декабрнинг асосий янгиликлари — «Дарё» дайжестида.
«Дунё гўзали — 2018» номига бу йил Мексика вакили Ванесса Понсе де Леон сазовор бўлди. «Дунё гўзали — 2018» танлови ғолиби пул мукофотини қўлга киритади, аммо шартнома шартларига кўра уни хайрияга йўналтириши лозим. Ғолибга эса тож, Лондонда яшаш учун бир йиллик уй тўлови ҳамда кейинги танловгача хайрия акцияларида иштирок этиш мажбурияти насиб қилади.
***
Россия Ижтимоий ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Георгий Фёдоров Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги савдо урушининг оқибатлари ҳақида гапирди. «Украина томонидан қабул қилинаётган Ўзбекистон билан айрим савдо муносабатларини тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарор унинг ғалабасидан кўпроқ йўқотишига олиб келади. Украинадан Ўзбекистонга маҳсулотлар экспорти қиймати Ўзбекистондан импортнинг учдан ортиқ баравар ортиқлигини инобатга олсак, етказиб беришдаги узилишлар жиддий йўқотишларга олиб келади», — деб ҳисоблайди Фёдоров.
***
Ўзбекистонда сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун Тошкент вилоятида жами 45 миллион куб метр сув йиғиладиган «Паркентсой», «Қизилсой», «Тоштепа», Жиззах вилоятининг Фориш туманида «Караман», Қашқадарё вилоятида «Гулдара», «Аяқчисой», Самарқанд вилоятида «Булунғур» сув омборлари барпо этилади.
***
Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматов ва Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар ўтказиш пунктларини модернизация қилиш ва қайта таъмирдан чиқариш, шунингдек, ўзбек-қозоқ чегарасида транспорт тўпланиши муаммосини муҳокама қилди.
***
Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй мамлакатда ҳуқуқлари чегараланиши режалаштирилаётган олти нафар россиялик бизнесменларнинг рўйхатини тасдиқлади. Булар — USM Holdings компаниялар гуруҳи асосчиси Алишер Усмонов, «Челси» футбол клуби эгаси Роман Абрамович, «Русала» собиқ президенти Олег Дерипаска, ака-ука Аркадий ва Борис Ротенберглар ҳамда «Роснефть» раҳбари Игорь Сечин.
Изоҳ (0)