Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқ ҳимоячилари фуқароларнинг тартиб ўрнатиш ҳақидаги мурожаатидан сўнг Чилонзор ва пойтахтнинг бошқа туманларида мунтазам мониторинг олиб бормоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ расмий саҳифасида маълум қилди.
Аввалроқ Тошкентнинг Чилонзор туманида яшовчи фуқаро ОАВга хат йўллаб, унда Чилонзор-18 даҳасидаги 16-уй деразалари тагига ҳар куни фоҳишалар ўтирган автомобиллар келиб тўхташи, бу эса маҳаллий аҳолига тинчлик бермаётганлигидан шикоят қилинган эди.
Бошқарма матбуот хизматининг маълум қилишича, айби аниқланган фуқароларга санкциялар қўлланилмоқда.
«29 ноябрдан бошлаб ИИББ ходимлари кўрсатилган йўл қисмида мунтазам патруллик олиб бормоқда (жумладан тунги вақтда ҳам). Тунги тинчликни бузаётганлар кўпинча автомобиллардан фойдаланганлиги сабабли патруллик қилишда профилактика инспекторлари билан бир қаторда ИИББ ЙҲХБ ходимлари ҳам иштирок этмоқда. 29 ноябрь куни тўрт нафар қиз қўлга олинган, 30 ноябрь куни — яна икки нафар», — дейилади хабарда.
Статистикага кўра, йил давомида 65 та қиз ҳисобга қўйилган, яна 826 нафар қизга нисбатан Маъмурий кодекснинг 190-моддаси бўйича баённома тузилган.
Изоҳ (0)