Инновацион ривожланиш вазирлиги иштирокида ташкил этилган Халқаро молекуляр аллергия маркази халқаро экспертлар билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотларида аллергенлар мавжудлигини маркировка қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда«Дарё»га вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Озиқ-овқат аллергияси безовта қиладиган беморлар тўлақон ҳаёт кечиришлари учун муайян аллерген маҳсулотларни уларнинг кунлик таомномаларидан чиқариб ташлаш зарур. Қайси маҳсулотни сотиб олиш мумкину, қай бирини харид қилмаган маъқул деган масала эса қадоқлардаги махсус маълумотларнинг тақдим этилиши билан ҳал этилади.
Европа Иттифоқининг амалдаги қонунчилигига асосан бугунги кунда 13 турдаги маҳсулотлар аллергенлар мавжудлиги бўйича маркировка қилинади. Булар сут, тухум, ерёнғоқ, ёнғоқ, соя, кунжут, буғдой, хантал, балиқ, қисқичбақа, селдерей, люпин ва гречихадир. АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби бошқа мамлакатларда ҳам маркировка бўйича қонунчилик мавжуд. Японияда фақатгина буғдой, гречиха, тухум, ерёнғоқ ва қисқичбақа маркировка қилиниши шарт, аммо 19 та маҳсулот тури «маркировка қилиниши тавсия қилинади» деб кўрсатилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги дастурига кўра аллергия профилларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг қайси маҳсулотларга аллергияси кўплиги молекуляр даражада аниқланмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, катталарда аллергия ривожланишига сабаб бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан биринчиси ерёнғоқдир. Ундан сўнг турли хил ёнғоқлар, соя, кунжут, киви ва шафтоли аллергия чақирувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган.
Истеъмолчи ҳамиша ҳам нон ва булочка маҳсулотлари, ёрмалар, глазур, крем, соус, газаклар ва қуритилган мевалар аралашмасида ерёнғоқ борлигидан хабари бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларига маркировкани жорий қилиш орқали истеъмолчиларнинг саломатлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш янада такомиллашади.
Шунингдек, кафе, ресторан ва бошқа жамоат овқатланиш жойларининг таомномаларига таомларда аллергенлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш бўйича тавсиялар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Мазкур тадқиқотлар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)