2022 йил 24 февралда Россия армияси Украинага бостириб кирди ва унинг анча қисмини босиб олди. Бунгача 2014 йилда руслар Украинанинг Донеск ва Луганск вилоятлари ҳамда Қримни эгаллаб олганди. Ўшанда Россия ўз хатти-ҳаракатларини Украинада яшаб келган русларни ҳимоя қилиш билан оқлаганди. Россия армияси Украинага ҳужум қилар экан, тарихчилар 1938 йилда Германиянинг Чехословакияга бостириб кирганини эслашди. Ўшанда Гитлер ҳам ўз босқинчилигини Чехословакияда яшаётган немисларни ҳимоя қилиш билан оқлаган эди.

Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб қурбонлар, вайронагарчиликлар ва дунё сиёсий саҳнасида жуда катта ўзгаришларга сабаб бўлиш билан бирга, турли ҳарбий техникалар такомиллашувини ҳам тезлаштирганди.
Жумладан, бу уруш тугамасданоқ атом бомба яратилди ва Япониянинг иккита шаҳрига ташланди. Ўшанда америкаликлар бир неча юз минглаб инсонларнинг ҳалок бўлиши эвазига бу даҳшатли қуролни синовдан ўтказиб олишади.
Урушдан сўнг кўп ўтмай узоқ масофага учувчи ракеталар ясаб чиқилади. Ҳарбий кемалар ва самолётлар такомиллаштирилади. Қисқаси, ўша вайронкор урушдан етарли хулоса чиқармаган инсоният қайта қуролланиш учун мислсиз ҳисобда маблағ сарфлай бошлайди.
Шунингдек, иккинчи жаҳон урушидан сўнг ҳозиргача жуда кўплаб урушлар бўлиб ўтади. Сўнгги жиддий уруш 2022 йил 24 февраль куни бошланди ва ўшанда Россия армияси қўшни Украинага бостириб кирди.
Ана шу пайтда тарихчилар яна Иккинчи жаҳон урушининг бош айбдори Гитлер Германиясининг босқинчилик сиёсатини эслаб қолишди.
Чунки, 2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага бостириб киришини Москвадагилар бу мамлакатда яшаб келган русларни ҳимоя қилиш деб оқлаган бўлса, Гитлер ҳам 1938 йилда Чехословакияга ҳужум қилишини шу ерда яшовчи немисларни ҳимоя қилиш мақсадида деган эди.
Ўшанда жаҳон афкор оммаси ва турли давлатлар Гитлернинг Чехословакияга бостириб кирганига томошабин бўлиб туришади ва фашистларга қарши ҳеч қандай чора кўришмайди. Оқибатда Гитлернинг “иштаҳаси очилиб” бутун Европани эгаллашга қарор қилади.
Тарихчилар, агар ўшанда жаҳон ҳамжамияти, айниқса Европа давлатлари бирлашиб, Гитлер Германиясига қарши жиддий чора кўрганида Иккинчи жаҳон уруши бошланмаслиги ҳам ҳам мумкин дейишади. Балки...
Гитлернинг ҳокимият тепасига келиши
1933 йилда 44 ёшида Германияда ҳокимият тепасига келган Гитлер немис миллий-социалистик ишчилар партияси вакили эди. У Австрияда туғилган ва кейинчалик Германияга кўчиб ўтганди. Сўнг немис миллий-социалистик ишчилар партияси аъзосига, 1921 йилда лидерига айланганди.
Гитлер ҳокимият тепасига келар экан, биринчи навбатда 1933 йил 14 октябрь куни Женевада ўтказилаётган қуролланишни тўхтатиш бўйича конференциясидан намойишкорона чиқиб кетади.
Орадан бир йил ўтиб 1934 йилда Гитлер ўзини фюрер деб эълон қилади ва мамлакат қуролли кучлари бош қўмондонига айланади. Шундан сўнг Германия зўр бериб қуроллана бошлайди.
Гитлер ҳокимият тепасида мустаҳкам ўрнашиб олгач Германия аҳолиси орасида ўзининг насистик ғояларини ёйишга ўтади ва немисларни олий ирқ деб эълон қилади. Унинг ғояларига кўра дунёдаги барча миллатлар немисларга бўйсуниши ва хизмат қилиши керак эди.
Гитлер биринчи навбатда Германия армиясини замонавий ҳарбий техникалар билан қуроллантиради. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар сони кескин кўпайтирилади.
Армия етарли даражада кучайтирилгач 1936 йилдан бошлаб Германия ўз қўшнилари Польша, Чехословакия ва Австрия каби давлатларга ҳудудий даъволар билан чиқади.
Австрия ва Чехословакиянинг эгалланиши
1937 йилда Гитлер ўз қўмондонлари билан Европани эгаллаш бўйича махфий йиғилиш ўтказади. Ана шу йиғилишда биринчи бўлиб Европадаги яна бир немис давлати бўлган Австрияни эгаллаш режа қилинади.
Ана шу режага мувофиқ, 1938 йил 12 март куни Германия армияси Австрияга бостириб киради ва уч кунда бу мамлакатни тўлиқ эгаллайди. Шундан сўнг сохта референдум (2014 йил Қримда бўлгани каби) ўтказилади ва унинг “натижаси”да Австрия Германияга қўшилгани эълон қилинади.
Австрияни осонгина ўз давлатига қўшиб олгач Гитлер энди Чехословакияга “кўз олайтира бошлайди”. Ўша пайтда бу давлатнинг Германия билан чегарадош бўлган Судет вилоятида асосан этник немислар яшарди.
1938 йил сентябрда Гитлер Чехословакия ҳукуматидан Судет вилоятини Германия беришни талаб қилади ва акс ҳолда бу ишни қурол ёрдамида амалга оширишини айтади.
Ўша йили 29 сентябрь куни Мюнхенда Британия бош вазири Невилл Чемберлен ва Франция бош вазири Эдуард Даладие, Италия бош вазири Бенито Муссолини ва Гитлер томонидан “Мюнхен келишуви” имзоланади.

Бу келишувда Британия, Франция ва Италия бош вазирлари Чехословакияга 10 кун ичида Судетни Германияга топшириши лозимлиги талабини қўйишади. Ўшанда Гитлер юқоридаги давлатлар бош вазирларига агар Чехословакия Судетни урушсиз топширса бу мамлакатга бостириб кирмасликка ваъда беради. Чехословакиянинг бу талабга рози бўлишдан бошқа чораси қолмайди.
1938 йил 1 октябрь куни Германия армияси Чехословакияга киради ва Судетни эгаллайди. Бироқ Гитлер ўз ваъдасида турмайди ва 1939 йил баҳорда немислар Чехословакияга яна бостириб киришади ва уни бир қанча вассал давлатларга бўлиб юборишади.
Жумладан, Словакия ва Подкарпат Рус ўлкаси (Ғарбий Украина) ўзини мустақил деб эълон қилади. Богемия ва Моравия Германия вассалига (протекторати) айланади.
Гитлернинг кейинги “ўлжалари”
Британия ва Франциянинг Судетни эгалланишига қаршилик қилмаслиги Гитлерни “илҳомлантиради” ва у 1939 йил ёзда навбатдаги давлат — Польшага ҳужум қилишга тайёргарлик кўра бошлайди.
Бироқ бу сафар Британия ва Франция жим турмаслиги мумкин эди. Шу сабабли Гитлер ўзига иттифоқчи қидира бошлайди. Германия ташқи ишлар вазирлиги аввал Франция ва Буюк Британия ҳукумати билан музокаралар ўтказади. Бироқ улар Гитлернинг босқинчилик сиёсатига мутлақо қарши чиқади.
Шундан сўнг немислар СССР билан музокара бошлайди ва кутилмаганда советлар Берлиннинг таклифига ижобий жавоб беришади. Музокаралар давомида маълум бўлади-ки, советлар Шарқий Европадаги ўзига қўшни бўлган давлатларнинг маълум бир ҳудудларини босиб олиш эвазига, немисларнинг босқинчилик сиёсатига қарши эмас.
Келишувга кўра, 1939 йил ёзда СССР ва Германия ўртасида “Ўзаро ҳужум қилмаслик” ҳақида келишув имзоланиши керак эди. Бироқ бир нарса бу ишга халақит беради. Гап шундаки ўша пайтда СССР ташқи ишлар вазири Максим Литвинов эди.
Ҳақиқий исм-шарифи Меер-Генох Моисеевич Валлах бўлган Литвиновнинг миллати яҳудий эди. Сталин Гитлер билан ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида келишувга эришган пайтда немислар айниб қолишади. Улар келишувни миллати яҳудий бўлган Литвинов билан имзолашни хоҳламайди.
Шундан сўнг 1939 йил 3 май куни Сталин Литвиновни ташқи ишлар халқ комиссари лавозимидан бўшатади ва ўрнига Вячеслав Молотовни тайинлайди. Орадан қарийб тўрт ой ўтгач, 1939 йил 23 август куни Германия ташқи ишлар вазири Иоҳим фон Риббентроп Москвага ташриф буюради ва келишув имзоланади.
Шартномани имзолаш пайтида Сталин ва Молотовнинг ёнида яна бир қанча совет мулозимлари ҳамда Риббентропнинг ёрдамчиси Андор Ҳенке, Германиянинг СССРдаги элчиси Вернер Шуленбург, шунингдек, таржимон ҳам бўлган.
Шартнома имзолангандан сўнг Кремлда Риббентроп шарафига зиёфат берилади. Унда Сталин ва Молотов навбати билан “ҳурматли меҳмон” шарафига қадаҳ кўтаришни таклиф этиб туришади ва немис халқи шаънига мақтов ёғдиришади.
Воқеа гувоҳи бўлганларнинг эслашича зиёфат охирида Сталин Риббертропга СССР шартнома шартларига амал қилишга жиддий қарашини таъкидлайди ва “Сўз бераман, Совет иттифоқи ўз ҳамкорларини сотмайди”, дейди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 1939 йил 31 август куни шартнома СССР олий кенгаши томонидан ратификация қилинади. Буни кутиб турган немислар эртаси куни 1 сентябрда Польшага ҳужум бошлайди.
Немислар қарийб уч ҳафтада Польшанинг катта қисмини босиб олишади. Шундан сўнг 17 сентябрь куни бу давлатга шарқдан совет армияси бостириб киради ва кўп ўтмай СССР ва Германия Польшани тўлиқ босиб олишади.
Ўшанда Германия Польшага ҳужум қилганда Британия ва Франция бу давлатга уруш эълон қилади. Бироқ Польшанинг қарийб ярмини эгаллаган СССРга қарши негадир бундай йўл тутишмайди.
Гитлер ва Сталиннинг кейинги босқинчилик юришлари
СССР ва Германия Польшани ўзаро тақсимлаб олгач янги юришларга тадорик кўра бошлашади. 1939 йил 30 ноябрь куни совет армияси Финляндияга бостириб киради. Немислар ҳам қараб туришмайди. Улар Шарқий Европада жойлашган Венгрия, Болгария, Руминия каби давлатларни босиб олиб вассал давлатларга айлантиришади.
Бу даврда Финляндияга ҳужум қилган советлар муваффақиятсизликка учрайди ва уруш бошлангандан 100 кун ўтгач, 1940 йил март ойи бошларида финлар билан мағлубиятга тенг сулҳ имзолайди.
Ўшанда жасур фин халқи СССР армиясига жуда катта талафот етказади ва уч ойда 100 мингдан ошиқ совет ҳарбийларини ўлдиришга ва ундан кўпини ярадор қилишга муваффақ бўлади. Шунингдек, “Молотов коктейли”ни қўллаб кўп миқдордаги совет ҳарбий техникаларини ишдан чиқаради.
1940 йилнинг баҳорида, аниқроғи апрель ойида Гитлер аввалига Данияни, сўнг Норвегия ва Югославияни, май ойида Бельгия, Нидерландия, Люксембург ҳамда Францияни эгаллайди.
Ўшанда немислар Британияни ҳам забт этишни режалаштиришганди. Бироқ қуруқликдаги қўшинларни Ла-Манш бўғозидан олиб ўтишни иложи бўлмайди. Шу сабабли улар Британияга самолётлар ёрдамида авиабомбалар ташлашади.
Умумий ҳисобда 1940 йил охирига келиб Европа тўлиқ Германия қўл остига ўтади. Ўша пайтда Италияда Муссолини, Испанияда эса генерал Франко ҳукмдорлик қиларди ва улар Гитлер билан иттифоқдош эди. Шу сабабли бу икки давлат немислар оккупациясидан қутилиб қолади.

Финляндияда муваффақиятсизликка учраган советлар 1940 йилда Руминиядан Бессарабия ва Шимолий Буковинани тортиб олишади. Шунингдек, Болтиқбўйида жойлашган Латвия, Литва ва Эстонияни босиб олишади.
Ўшангача Болтиқбўйи Германия назоратида эди. “Млолтов-Риббентроп пакти”нинг махфий қисмидаги келишувга кўра немислар у ерни советларга топширишади.
Янгитдан эгалланган ҳудудларда Молдавия ССР, Литва ССР, Латвия ССР ва Эстония ССР номлари билан иттифоқдош республикалар ташкил этилади.
Шунингдек, унгача советлар 1939 йилда Чехословакиядан бир томонлама озод бўлиб, ўзини мустақил деб эълон қилган Подкарпат ўлкасини ҳам босиб олганди.
Иккинчи жаҳон урушининг оқибати ҳаммага маълум. Кўплаб мамлакатлар вайронага айланади. Дунё бўйлаб 70 миллиондан ошиқ одам ҳалок бўлади. Бундан ҳам кўпроқ одам ногирон бўлади. Японияга атом бомба ташланади. Бироқ инсоният ўша урушдан ҳам етарлича хулоса чиқармади ва дунёнинг турли бурчакларида ҳанузгача урушлар давом этяпти.
Ўхшаш сценарий: Россиянинг Украинага босқини
Юқорида Гитлер Германиясининг ўз босқинчилик юришларини қандай бошлагани ва энг аввал Чехословакияни қай кўйга солганини кўриб чиқдик. Бугун давом этаётган Россия—Украина урушидаги айрим ҳолатлар Иккинчи жаҳон уруши даврида содир бўлган ҳодисаларга жуда ўхшаш. Қуйида шуларни кўриб чиқамиз.
- Русларни ҳимоя қилиш. 2014 йилда Украина шарқида жойлашган Луганск ва Донеск шаҳрининг рус аҳолиси Киев ҳокимиятига қарши бош кўтарди. Уларни Россия армияси қўллади ва қисқа вақтда иккита вилоятнинг маълум қисми ўз мустақиллигини эълон қилди.
Ўшанда Россия Украинага қўшин киритди ва бу хатти-ҳаракатларини Украина шарқидаги русларни ҳимоя қилиш деб оқлади. Тарихчилар Москванинг бу иши 1938 йилда Германиянинг этник немисларни ҳимоя қилиш мақсадида Чехословакиянинг Судет вилоятига бостириб киргани ва уни эгаллагани билан бир хил бўлди деб баҳолашди.

Айтганча, 2014 йилда Украина шарқида айирмачилар Донеск халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси тузилганини эълон қилганди. Бироқ 2022 йил 24 февралда Россия Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай юқоридаги республикаларнинг ўзини ўзи бошқариш тузуми йўқ қилинди ва улар Россия субъекти деб эълон қилинди.
- Тонгда бостириб кириш. 2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага эрта тонгда, соат 4 да бостириб киради. Бу немисларнинг СССРга 1941 йил 22 июнь куни тонги соат 4 да бостириб кирганига ўхшайди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам одамлар ухлаб ётган пайтда ҳужум бошланган ва босқин остида қолган давлат армияси ҳимояга киришганча анча жой эгаллаб олинган.
- V ва З эпикировкалари. 2022 йил 24 февраль куни Россия армияси Украинага бостириб кирар экан, руслар ҳарбийлар кийимига ва ҳарбий техникаларга V ва З эпикировкаларини ёзиб олган эди.
Маълумки Гитлер Германияси армиясида шохи қайрилган хоч (卐) тамғаси кенг қўлланилган. Бундан ташқари нацистлар V ҳарфидан ҳам экипировка сифатида кенг фойдаланган. Русларнинг лотин алифбосидаги иккита ҳарфдан кенг фойдалангани ўшани эсга солади.
Россия мудофаа вазирлиги Россия армиясининг Украинага босқин даврида V ва З ҳарфларидан фойдаланишини изоҳлаган. Унга кўра З ҳарфи “За победу” (ғалаба учун) сўзларини ифодалайди. V ҳарфи эса, “Сила в правде” (куч ҳақиқатда) сўзларини англатади.
Нима бўлганда ҳам русларнинг иккита ҳарфдан экипировка сифатида фойдаланишини немисларнинг шохи қайрилган хоч (卐) тамғаси ва V ҳарфидан фойдаланганини эслатди.

- Ваъдаларда турмаслик. 1938 йилда Гитлер агар Чехословакия немислар яшайдиган Судет вилоятини Германияга топширса бу мамлакатга ҳужум қилмаслигини айтади. Бироқ кўп ўтмасдан ваъдасини бузади ва Чехословакияга бостириб киради.
Худди шунга ўхшаш, Путинга у ҳокимиятга келган 2000 йилдан буён жуда кўп марта Қримни Россия олиши эҳтимоли, Россиянинг Украина шарқини эгаллаши мумкинлиги ҳақида саволлар беришган.
У ана шу саволларга ҳар сафар Россия Украина ҳудудий яхлитлигини бузмаслигини, халқаро нормаларга риоя қилишини, Қрим Украинаники бўлиб қолишини, ҳеч қачон қўшни давлатга бостириб кирмаслигини таъкидлаб келган. Бироқ 2014 ва 2022 йилларда у ана шу ваъдаларини бузди. Россия армияси аввалига Украина шарқига бостириб кирди. Кейин Қримни эгаллади. Охир-оқибат 2022 йил 24 февралда Украинага қарши кенг кўламли уруш очди.
- Сохта референдумлар. Гитлернинг босқинчилиги 1938 йил 12 март куни Германия армиясининг Австрияга бостириб кириши билан бошланганди. Немислар бу мамлакатни уч куннинг ичида тўлиқ эгаллайди. Шундан сўнг Австрияда сохта референдум ўтказилади ва унинг “натижаси”га кўра Австрия Германияга қўшилгани эълон қилинади.
Худди шундай ишни Россия 2014 йилда Қримда амалга оширди. Аввал Қора денгиз бўйидаги ҳарбий базаларда бўлган ҳарбийлар Қримни босиб олишди. Сўнг бу ерда ҳам 1938 йилда Австрияда бўлгани каби сохта референдум ўтказилди. Унинг “натижаси”га кўра Қрим Россияга қўшилгани эълон қилинди.

Россия Украина ҳудудидаги бундай референдумларни 2022 йил 24 февралда бу давлатга бостириб киргандан сўнг кейин ҳам ўтказди.
Жумладан, босқин бошлангандан етти ой ўтиб, 2022 йил 23—27 сентябрь кунлари Украинанинг тўртта вилояти — Донеск, Луганск, Херсон ва Запарожеда сохта референдумлар ўтказди. Сўнг ана шу референдумлар натижаларини рўкач қилиб, ўша вилоятларни Россияга қўшиб олди.
Ҳозирги кунда Россия қонунларига кўра Украинанинг юқорида номлари келтирилган тўртта вилояти ва Қрим Россия ҳудуди ҳисобланади.
Сўнгги сўз ўрнида... Юқорида гапни 1938 йилдаги Чехословакия ва ҳозирги Украина ўхшаш босқинга дуч келгани ҳақидаги гап билан бошлагандик. Бу икки давлат тақдирида бир оз фарқ бор экан. 1938—1939 йилларда Чехословакия тўлиқ немислар оккупацияси остида қолганди. Украина билан бундай иш юз бермади. Гарчи уруш бошланганига уч йилдан ошган бўлса-да украиналиклар халқаро ҳамжамият ва Ғарб давлатлари ёрдамида ҳозирча ўз мустақиллигини муносиб ҳимоя қилиб турибди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)