Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари 27 ноябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув чоғида қайд этилганидек, кейинги вақтда халқлар ўртасида ўзаро борди-келди фаоллашди, яқин қўшничилик алоқалари мустаҳкамланди. Жорий йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилингани ҳам икки қардош элнинг бир-бирига илиқ муносабатидан дарак беради.
Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов самимий қабул учун Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий қутловини етказди. Кейинги икки йил мобайнида Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганини қайд этди.
Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон—Қозоғистон муносабатларини янги босқичга кўтариш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш, бу борада, айниқса, парламентлараро алоқаларни янада кучайтиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳ (0)