Сурхондарёда ўтказилган «Ўзбекистон ёшлари – янги замон бунёдкорлари» шиори остидаги ёшлар фестивали доирасида деновлик 32 нафар ёш оилага «Ёшлар уйлари» тақдим этилди. Бу ҳақда Сурхондарё ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Уй калитларини ўз эгаларига Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Б.Очилов ҳамда Денов тумани ҳокими Б.Ибатов топширди.
«Ёшлар уйлари» Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони ижроси, шунингдек мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ёш оилаларга бошланғич бадалсиз, 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилди.
«Бугун оиламиз учун қувончли кун бўлди. Биз ёшларга қаратилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан мамнунмиз. Келажакда бу уйларда камолга етадиган фарзандларимиз ҳам шу юртга муносиб инсонлар бўлиб улғайишига ишонаман», – дейди янги хонадон соҳиби Олломурод Мирзаев.
Намунавий лойиҳа асосида қурилган ушбу уйларда фаровон яшаш учун барча қулайлик яратилган. Иситиш тизими, иссиқ, совуқ сув, газ ва электр таъминоти барча техник талабларга кўра жиҳозланган. Уйлар олдида болалар ўйин майдончалари, автотураргоҳ ҳам қурилган.
Изоҳ (0)