Европа Иттифоқи Ўзбекистон қишлоқларида бизнес ва аҳоли ривожини қўллаб-қувватлаш учун 25 миллион евро ажратади. Бу ҳақда тузилманинг халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича комиссари Невен Мимица ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Евроиттифоқ — Ўзбекистон ҳамкорлик кенгаши олдидан ўтказилган учрашув чоғида маълум қилди, дея хабар беради Turon 24.
Евроиттифоқ Ўзбекистонда 2025 йилгача чорвачилик соҳасини ривожлантиришга 15 млн евро ажратган. Мазкур ёрдам бу соҳадаги сиёсат ва давлат хизматларини яхшилаш, ветеринария хизматлари ва тадқиқотларини такомиллаштириш, даромадли занжирли ривожланиш ва кичик бизнесни бозорга йўналтириш тизимларини техник ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Давлат хизматларини марказлаштиришдан чиқариш, тизимларни интеграциялаш ва фуқаролар иштирокини оширишга 10 миллион евро ажратилган. Ушбу лойиҳа «Қишлоқ жойларида давлат хизматлари кўрсатиш ва бошқарув» дея номланган бўлиб, 2024 йилгача мўлжалланган. Лойиҳа фуқаролар фаоллигини кучайтириш, уларнинг маълумот олишини осонлаштириш ҳамда Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)