Халқ таълими вазири ўринбосари Отабек Назировнинг айтишича, Қашқадарё вилоятида 1000 та мактабнинг 300 тадан зиёди «буржуйка»да иситилади. У бу ҳақда Turon24’га берган интервьюсида маълум қилди.
«Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда, вилоятларни айтадиган бўлсак, қиш пайтида мактабларни иситиш – энг асосий муаммо. Мен мактабларни кўриб чиқдим. Кўпчилиги эски «буржуйка»да иситиларкан. Синфнинг четига ўрнатиладиган, мўриси ташқарига чиқариб қўйилиб, кўмир билан ёқиладиган печка «буржуйка» дейилади. Бу синфда ўтирган бола бечора ис газидан нафас олади. Масалан, Қашқадарё вилоятида 1000 та мактаб бор. Шунинг ичида 300 тадан кўпи «буржуйка»да ишларкан», дейди Отабек Назиров.
Халқ таълими вазири ўринбосари айни пайтда мактаблардаги «буржуйка»лардан воз кечиб, иложи бўлса, янги энергия тежамкор иситиш тизимларига инвестиция киритиш режалаштирилаётганини маълум қилди. «Лекин буни амалга ошириш учун вақт керак. Бир ой муддатнинг ичида, ярим йилдаям бу нарса бирданига ҳал бўлмайди», – дейди у.
Сентябрь ойида Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимликларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ўқувчиларга яхши таълим олишлари ва уларга қулай шароитларни яратиш учун зарур чораларни кўришга чақирганди.
Шунга қарамай Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати ўрганилганда, аксар ҳолларда мактабларга етказиб берилаётган кўмирнинг сифати жуда паст экани аниқланган.
Изоҳ (0)