Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 январига қадар замонавий иссиқхона комплексларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари берилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган «Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Бундан иқтисод қилинган маблағлар ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш учун йўналтирилади.
Замонавий иссиқхона комплекслари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар божхона тўловларидан ҳам озод этилади.
Ҳужжатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш бўйича Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида уруғчилик кластерларини ташкил этилиши белгиланди.
Инновацияларни ривожлантириш вазирлигига иссиқхона хўжаликлари учун жаҳон бозори талабларига мос келадиган, мазали сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги юқори янги навлари ва дурагайларини яратиш топширилди.
2019/2020-ўқув йилидан бошлаб «Иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш», «Агрокимё ва агротупроқшунослик», «Ўсимликларни ҳимоя қилиш»ихтисосликлари йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига бакалаврлар тайёрлаш юзасидан қабул квоталарини камида 2 баробар ошириш белгиланмоқда.
Изоҳ (0)