2019 йил 1 январдан бошлаб аҳоли томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш учун тўланадиган тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси назорат қилади. Бу Ўзбекистон Президентининг 22 ноябрда имзолаган фармонида белгиланган, деб ёзмоқда «Газета.uz».
Шу санадан бошлаб аҳоли жорий ой учун чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тўловларни кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай тўлашга мажбур.
Маблағлар ягона транзит банк ҳисобрақамига келиб тушади ва ундан кейин Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятларининг махсус ғазначилик ҳисобрақамига ўтказилади. Бу ҳокимият органлари қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмати учун ҳақ тўлайди.
Фармонга мувофиқ, 1 январдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат кўрсатувчи ташкилотларга келишув асосида чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш бўйича олдиндан 100 фоиз тўловни амалга ошириши керак.
Жисмоний шахслардан қарздорликни ундириш тўғрисидаги судларга ариза тўловлар олти ой давомида амалга оширилмаган тақдирда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан киритилади.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари қошида санитария тозалаш хизматларини ташкил қилиш бўйича марказлар тузилади. Ҳар бир туман ва шаҳарга мазкур марказнинг мутахассиси бириктирилади.
Изоҳ (0)