Европа Иттифоқи Ўзбекистон Адлия вазирлигига 10 миллион евро миқдорида беғараз грант ажратди, дея хабар қилди «Газета.uz» вазирлик матбуот хизматига таяниб.
Бу ҳақдаги битим Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нодиржон Жўраев ҳамда Марказий Осиё ва Евроиттифоқ ҳамкорлигини ривожлантириш департаменти директори Пьер Амилхат томонидан 21 ноябрь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг 14-йиғилишидаги иштироки давомида имзоланди.
Мазкур битим Адлия вазирлигининг европалик ҳамкорлар билан муваффақиятли музокаралари натижаси бўлди, дейилади хабарда.
5 йилга мўлжалланган грант битими давлат хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилашга қаратилган қатор тадбирларни молиялаштиришни кўзда тутади.
Хусусан, лойиҳада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Давлат хизматлари марказларини техник жиҳатдан жиҳозлаш, жумладан, сервер, компьютер, тармоқ, телекоммуникация ускуналари, электрон навбат тизими ва видеокузатув мосламаларини харид қилиш ҳам кўзда тутилган.
5 та тажриба ҳудуди (Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари)да давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, уларда Инновация ғоялари ва ишланмалари марказларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, грант доирасида ихтисослашган давлат хизматлари веб-портали, мутасадди органлар ва давлат хизматлари марказлари ўртасида ахборот алмашиш, мобил иловалар орқали онлайн тарзда давлат хизматлари кўрсатиш учун интеграциялашган маълумотлар базаси ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
Инновацион технологияларни жорий этиш доирасида мазкур битим блокчейн-технологиялари, Давлат хизматлари марказлари ходимлари фаолияти самарадорлигини режалаштириш ва баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги ходимларининг хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш бўйича ҳам ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилади.
Изоҳ (0)