PROlogue IV халқаро кинофестивалининг саралаш комиссияси 280 та фильм орасидан 31 тасини танлаб олди. Бу ҳақда «Дарё»га Ёшлар медиа маркази маълум қилди.
Фестивальнинг асосий танлов босқичида 8 та тўлиқ метражли бадиий фильм, жумладан, Ўзбекистон ва Қирғизистон киноижодкорларининг «Сарвқомат дилбарим» картинаси иштирок этади.
Қисқа метражли фильмлар танловига 14 та фильм саралаб олинди. Улар орасида ўзбекистонлик режиссёр Дилшода Абдураҳимованинг «Қулун» фильми бор.
Шунингдек, қисқа метражли миллий фильмлар танловида 9 та картина қатнашади.
Кинофестивалнинг танлов дастурида иштирокчилар қисқа ва тўлиқ метражли бадиий фильмлар халқаро танлови ҳамда қисқа метражли миллий бадиий фильмлар танлови йўналишларида беллашади.
Маълумот учун, PROlogue IV халқаро кинофестивали 27—30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)