Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кино саройида Сарвар Каримовнинг «Сарвқомат дилбарим» фильмининг премьераси ўтказилди. Бу ҳақда «Turon 24» хабар бермоқда.
«Фильмнинг суратга олиниши ўзбек-қирғиз алоқалари, ҳамкорлик ишларининг бошланиши дея айтишимиз мумкин. Фильмни суратга олиш жараёни биз учун у қадар қийинчилик туғдирмади. Боиси, ҳамма ижодкорлар ўз ролини чин юракдан ҳис қилган ҳолда ижро этди. Буларнинг асосий сабаби эса Чингиз Айтматовдир. Биз севган адиб, биз севган асар, энди эса биз севиб ижро этган рол ҳамда фильм дунёга келди. Бунинг ўзи бир катта воқеа. Қолганини эса фильм намойишидан кейин билиб оламиз», — деди бош рол (Илёс) ижрочиси Адиз Ражабов.
Премьерада Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва элчихоналар вакиллари, Қирғизистондан келган киноижодкорлар иштирок этди.
Премьера аввалида Қирғизистон маданият вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди. Сўзга чиққан қирғизистонлик киноижодкорлар фильмнинг намойиши қирғиз халқи учун катта байрам эканини таъкидлади.
Фильм «Ўзбеккино» миллий агентлиги, «Республика кинопрокат маркази» ҳамда Ўзбекистон-Қирғизистон киноижодкорларининг қўшма лойиҳаси асосида суратга олинган.
Изоҳ (0)