Россиянинг Саратов вилоятида юк поезди ва автобус тўқнашувида ҳалок бўлган 5 нафар ўзбекистонликнинг шахси маълум бўлди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати маълум қилди.
Вазирликка кўра, жорий йил 17 ноябрь куни Москва вақти билан соат 12:00 ларда Саратов вилояти Озинский тумани ҳудудидан ўтувчи «Саратов – Уралск – Қозоғистон» автомобиль йўлининг 225-километрида темир йўл поездининг кесишмасида юк поезди ва Сетра русумли автобус иштирокида тўқнашув содир бўлган.
ЙТҲ натижасида автобус салонида бўлган етти нафар фуқародан 5 нафари (Ўзбекистон фуқаролари) воқеа жойида ҳалок бўлган, 2 нафари (Қозоғистон фуқаролари) тан жароҳати олган.
Ҳалок бўлган йўловчилар рўйхати:
1. Бозоров Абдуманноб Maxмуталиевич, 1975 йилда туғилган;
2. Эгамов Алимардон Қосималиевич, 1986 йилда туғилган;
3. Қосимова Гулхумор Жумабоевна, 1987 йилда туғилган;
4. Халилова Орзихон Ўктамовна, 1987 йилда туғилган;
5. Заидов Муроджон Юсупович, 1975 йилда туғилган.
Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади Озинский тумани марказий шифохонаси моргида сақланмоқда.
Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамкорликда ҳалок бўлган фуқароларнинг шахсига тўлиқ аниқлик киритиш, яқин қариндошларига хабар бериш бўйича ташкилий ишларни амалга оширмоқда.
Изоҳ (0)