28 октябрь куни пойтахтдаги Шайх Зайниддин жоме масжидида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Мурувват куни» сифатида белгиланган эди. Жорий йилнинг ноябридан эътиборан ҳар ойнинг биринчи якшанбаси Дин ишлари бўйича қўмита тизимида «Мурувват куни» деб белгиланди ва унинг доирасидаги дастлабки учрашув 4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 250 нафар имконияти чекланган инсонлар иштирок этди.
Шу куни Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Саудия Арабистонидан махсус келтирилган брайл ёзувидаги Қуръони Каримнинг ноёб нусхаси кўзи ожизларга туҳфа этилди.
Тадбир давомида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам қимматли совғалар тақдим этилиши йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
«Ўзбекистонда 23 минг нафар кар-соқов бўлса-да, уларга 50 нафаргина сурдо таржимон бор, — дейди иштирокчилардан бири. — Ҳеч бўлмаса, 300 нафар ана шундай таржимон керак. Бугунги кунда масжидларда ҳам сурдо таржимонларга катта эҳтиёж бор».
Тадбирда шу каби муаммолар ва уларнинг ечими йўлида қатор таклифлар билдирилди. Кейинги мурувват кунига қадар амалга ошириладиган режалар белгилаб олинди.
Навбатдаги «Мурувват куни» 2 декабрда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)