25 октябрь куни Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида IV анъанавий IDC DX Day Roadshow 2018 конференцияси бўлиб ўтади, деб ёзади ЎзА.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, тармоқ ва офис ускуналари, ҳимоя дастурлари ишлаб чиқарувчи дунёнинг етакчи компаниялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари, хорижий ва маҳаллий олимлар ҳамда ахборот хавфсизлиги соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Анъанавий конференциянинг янги шиори «Барчаси инновациялар ҳақида» деб номланиши бежиз эмас. Жорий йилда тадбир мавзулари анча кенгайтирилди. Дастурга киберхавфсизликнинг замонавий тенденцияларини ўрганиш билан бир қаторда, жаҳон IT-саноати томонидан муҳокама қилинаётган долзарб мавзулар киритилган. Корпоратив бошқарув, сунъий идрок, ашёлар интернети, булутли технологиялар ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий этиш масалалари шулар жумласидандир.
Конференция доирасида жаҳоннинг етакчи IT-компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган техник ечим ва ишланмалар, дастурий таъминот, ускуна ва тизимлар тақдимоти бўлиб ўтади. Маҳаллий мутахассислар ва уларнинг хорижий ҳамкасблари қатор муҳим масалаларни муҳокама қилиш, тажриба ва фикрлар алмашиш, Ўзбекистонда ахборот хавфсизлиги тизимини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш имконига эга бўлади.
Изоҳ (0)