Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни мамлакатга ташриф билан келган Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг шу йил 4–5 сентябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлида тарихий қадам бўлганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Миср бош имоми Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этар экан, Абдулфаттоҳ ас-Сисининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини етказди.
Аҳмад Таййиб Ўзбекистон Президенти томонидан ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Юқори мартабали диний арбоб Ўзбекистон билан муносабатларни нафақат таълим ва гуманитар соҳаларда, балки барча жабҳаларда изчил ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш йўлида Миср томонининг саъй-ҳаракатлари қатъийлигига ишонч билдирди.
Изоҳ (0)