Бухоро вилоятининг 529 та умумтаълим муассасаларида ҳудудий давлат солиқ инспекциясининг малакали мутахассислари иштирокида 2—11-синф ўқувчиларининг солиққа оид билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги солиқларнинг ўрни, солиқларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида кўникма ва тушунчаларини шакллантиришга қаратилган «Очиқ дарслар» ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими «Дарё»га хабар берди.
Мазкур жараёнда 278 минг 226 нафар ўқувчилар солиқ ҳақидаги ўз қарашларини диктант ёзиш орқали намоён этди.
Энг қизиғи, ўқувчиларнинг солиқларни мунтазам тўлаб бориш ҳар бир фуқаронинг конституцион бурчи эканлиги, шаҳар-у қишлоқларнинг кун сайин чирой очиб бориши ва фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришларида солиқ тўловлари муҳим ўрин тутиши мавзусидаги диктантларини уларнинг ўқитувчилари эмас, балки ота-оналари баҳолайди.
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси ушбу тадбир орқали ота-онасини солиқ тўлашга ундаган ўқувчиларни қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан рағбатлантиришни ҳам кўзда тутган.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида давлат солиқ хизматининг малакали ходимлари иштирокида «Очиқ дарслар» шаклида ташкил этилиши режалаштирилган.