Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикор (монополия)дир. Бу ҳақда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф фикр юритган.
Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир, дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
«Эҳтикор» луғатда «ушлаб туриш» деган маънони англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсанинг нархини ошириш учун уни қасддан сотмай, ушлаб туришга «эҳтикор» дейилади.
Ушбу таърифдан эҳтикор бўлмайдиган ҳолатлар ҳам аён бўлади:
Ўзи етиштирган нарсани ушлаб туриш эҳтикор эмас;
Қайта сотиш учун эмас, ўз эҳтиёжи учун сотиб олган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас;
Бошқа юртдан сотиб олиб келинган нарсани ушлаб туриш ҳам эҳтикор эмас. Агар доимий равишда олиб келадиган одам бўлса-ю, нархни сунъий равишда ошириш мақсадида ушлаб турса, бу эҳтикор бўлади.
Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсаларнинг эҳтикорига алоҳида қараган. Биринчисини мутлақо мумкин эмас, десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас, деганлар.
Изоҳ (0)