Самарқанд шаҳар, Шабот кўчаси 70-уйда фуқаро С.П. давлат рўйхатидан ўтмасдан ун қадоқлаш цехи ташкил қилгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими «Дарё»га маълум қилди. Камига уддабурон тадбиркор унни Қозоғистоннинг «Дани-нан» бренди туширилган 2 ва 5 килограммлик қопларга қадоқлаб сотишни йўлга қўйган.
Ўтказилган назорат тадбири давомида ушбу фуқародан 20 турдаги 139 миллион 21 минг сўмлик тайёр ва ярим тайёр ун маҳсулоти далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
Шунингдек, Ургут тумани, Жартепа маҳалласида жойлашган савдо дўконида фуқаро А.С. давлат рўйхатидан ўтмасдан алкоголь ва салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланган. Фуқародан 6 миллион 799 минг 300 сўмлик маҳсулотлар далилий ашё сифатида вақтинчалик олиб қўйилди.
— Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан тадбиркорларнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида доимий равишда профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда, — дейди бўлим бошлиғи Шамил Муталибов. — Биргина жорий йил октябрь ойининг 5-санасига қадар 15 нафар рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётганлар аниқланди.