26 сентябрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ХДП ҳамкорлигида Зангиота тумани «Мевазор» МФЙда «Аёллар ижтимоий ҳимояси-ижтимоий фаоллик пойдевори» мавзусидаги акция ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда депутат аёллар, банк ходимлари, Бандликка кўмаклашиш маркази, ногиронлар жамияти, Ергеодезкадастр туман бўлими вакиллари, оғир ижтимоий фазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар, пенсионерлар иштирок этди.
Мазкур акция давомида ногиронлиги бўлган, яшаш шароити оғир, уй-жойга эҳтиёжи бор, кам таъминланган, иш билан таъминланмаган аёллар хонадонига ташриф буюрилди, муаммолари ўрганилди ва уларни ечими юзасидан кўмак берилди.
Иш билан таъминланмаган хотин-қизларни ишга жойлаштиришга, ўз бизнесини бошлаши учун кредит олиб беришга кўмак берилди.
Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалардаги аёллар, оналар ва болалар, пенсионерлар учун кун давомида бепул тиббий кўриклар ташкил этилди, тиббий кўрик давомида малакали тиббий муолажага муҳтож, моддий имконияти чекланган хотин-қизлар бепул даволаниш учун йўлланмалар билан таъминланди.
Тадбир давомида яшаш шароити қийин, иш билан таъминланмаган ҳамда ногирон аёллар истиқомат қиладиган хонадондан бир нечтасига ҳомийларни жалб қилган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари ёки кийим-кечаклар ажратилди, ногиронлиги бўлган аёлларга ўз ишини бошлаш учун дастлабки ёрдам берилди, ногиронлиги бор аёлларга ногиронлик аравачалари ва қултиқтаёқлар тақдим этилди.
Изоҳ (0)