Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамкорлиги ва Eriell компанияси ҳомийлик кўмагида ташкил этилган медиа-ивент дастури доирасида Марказий ва Жанубий Осиёнинг икки йирик давлати халқлари ўртасидаги маданий-маърифий ҳамкорлик мавзусига бағишланган туркум тадбирлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
25 сентябрь куни Ҳиндистон Миллий музейида очилган «Ўзбекистон—Ҳиндистон: маданиятлар мулоқоти» кўргазмаси ушбу мамлакат жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев, Ҳиндистон маданият вазирининг ўринбосари А.Гоэл, Ҳиндистон Миллий музейи директори Б.Мани ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўпқиррали азалий ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда янги истиқболлар очишини таъкидлади. Миллий музейда очилган ва бир ой давом этадиган қўшма кўргазма Ҳиндистонда ўзбек халқининг бой маданий-маърифий мероси ҳақида янада кенг ва чуқур тасаввур шаклланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, турли йўналишлар, жумладан, маданий-маърифий соҳада самарали халқаро ҳамкорлик қилиш учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди.
«Кутубхонамизда ўзбек халқининг маданий меросига оид 200 дан ортиқ қўлёзма сақланмоқда, — дейди Худо Бахш кутубхонаси директори вазифасини бажарувчи Роберт Чонгту. — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида биз мазкур асарлар каталогини чоп этдик».
«Кутубхонамизда Бобур девонининг ноёб қўлёзма нусхаси сақланмоқда, — дейди Рампур Раза кутубхонаси директори, профессор Сайид Ҳасан Аббос. — Ҳинд халқи учун мазкур қўлёзманинг аҳамияти шундаки, унда Бобур томонидан ҳинд тилидаги сўзлар ишлатилган».
Медиа-ивент доирасида, шунингдек, Деҳлидаги Javaҳарлал Неру ва Жамия Миллия университетлари, Ҳиндистон ислом маданияти марказида бўлиб ўтган анжуманларда ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди.
Изоҳ (0)