Ўзбекистонда мамлакатда ва хорижда ишламоқчи бўлган фуқаролар учун кафолатли хизмат кўрсатувчи хусусий бандлик агентликлари ташкил этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонун муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. . Тадбирда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек, илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Қонун Ўзбекистон фуқароларини мамлакат ва хорижда ишга жойлаштириш имкониятини оширади. Давлат хизматлари ва хусусий сектор томонидан бандликка кўмаклашиш механизмлари аниқ тартибга солинади. Ҳужжат ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартлари, жумладан, хусусий бандлик агентликлари, корхоналар ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилашга қаратилган.
Агентликлар чет эл мамлакатларида меҳнат бозорини ўрганиш, чет элдаги иш берувчиларни ахтариб топиш ва олдиндан танловдан ўтган иш қидираётган шахслар билан шартномалар тузиш билан шуғулланади. Энг муҳими, фуқароларнинг мамлакатдан ташқарида ижтимоий ҳимоясини таъминлайди. Хусусий бандлик агентликлари ўз фаолиятини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида олиб боради.
«Қонунда ‘хусусий бандлик агентликлари’ тушунчаси очиб берилмоқда. Бундан ташқари, бу фаолият билан кимлар шуғулланиши мумкинлиги, уларга лицензия бериш талаблари, хусусий бандлик агентликлари ходимлари сони ва уларнинг раҳбарлари хусусида шартлар белгиланяпти. Ҳужжатда хусусий бандлик агентликлари томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар турларининг тўлиқ рўйхати келтирилмоқда», — дейди қўмита раиси ўринбосари Гавҳар Алимова.
Изоҳ (0)