Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар Қишлоқ хўжалиги вазирларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири Н.Мурашев, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари С.Ходжаев, Ҳиндистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департаменти котиби Д.Чатурведи, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Стратегик режалаштириш ва таҳлил департаменти директори С.Молдабаева, Хитой Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазирлиги Бош агрономи Ма Айго, Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари И.Герашенко иштирок этди.
Йиғилишда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ШҲТ ҳамкорлик дастури лойиҳаси маъқулланди. Уни 2018 йилнинг 11—12 октябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгаши доирасида имзолашга келишиб олинди.
Шунингдек, йиғилишда 2010 йилнинг 11 июнида Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида имзоланган Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича 2018—2019 йилларга мўлжалланган тадбирлар режаси тасдиқланди.
Изоҳ (0)