Ўзбекистонга келиш истагида бўлган сайёҳлар сони 2 баробарга ошди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, дея хабар беради ЎзА.
Лицензия бериш тартибини соддалаштирилгани сабабли жорий йилнинг 8 ойи давомида 183 та янги туроператор фаолият бошлади. 2017-йилда уларнинг сони 123 тани ташкил этар эди.
Э-виса тизими жорий этилгандан буён ўтган 55 кун мобайнида 46 давлатнинг 9,5 мингдан ортиқ фуқаросига Ўзбекистонга кириш учун электрон визалар берилган.
Сайёҳлик тизимини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар ишга туширилди. Бўстонлиқдаги «Амирсой» тоғ-чанғи комплекси, тренинг маркази, гольф-клуб ва гольф академиясига эга бўлган Golf Resort мажмуаси, Тошкентдаги «Уч шаҳар» лойиҳалари шулар жумласидан.
Туризмни ривожлантириш қўмитаси вакилларининг Германия, Франция ва Мисрга амалга оширган сафарлари давомида маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирокида қиймати салкам 600 миллион долларга тенг қўшимча инвестицион таклифлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Испания, Туркия, Германия, Россия ва бошқа давлатларда ўтказилган кўргазмаларда намойиш этилди. 40 дан ортиқ давлатнинг ОАВларида Ўзбекистон ҳақида маълумотлар эълон қилиниб, 20 давлатнинг 50 га яқин ОАВ вакиллари учун инфотурлар ташкил этилган. Бунда биргина Хитойнинг CCTV-7 телеканали томонидан намойиш этилган лавҳани 150 миллионга яқин киши кўрган.
8 ой мобайнида Ўзбекистонга 3,4 миллион сайёҳ келган, бу рақам 2017-йилда 1,5 миллион кишини (+226 фоиз) ташкил этган эди. Жорий йил охирига қадар сайёҳлар сони 4, 8 миллионга етиши кутилмоқда. Туристик хизматлар экспортидан тушум эса 666,9 миллион долларга етган бўлиб, бу рақам 2017-йилдагига (327,3 миллион доллар) қараганда икки баробардан ҳам кўпроққа ортган.
Изоҳ (0)