Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бугун, 13 сентябрь куни Мурғоб туманидаги гидроэлектростанцияни ишга туширди. У дунё бўйича энг баланд тоғда жойлашган ГЭСлардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Тожикистон етакчисининг матбуот хизмати хабар бермоқда, деб ёзади Асиа-Плюс.
Қуввати 1,5 минг КВтч бўлган, бунгача «Оксу» деб номланган кичик ГЭС бундан буён «Тожикистон» деб номланади. ГЭС тўғонининг баландлиги 64 метр, кенглиги 12 метрни ташкил этади.
«Тожикистон» ГЭС Непалда барпо этилган кичик ГЭСлардан кейин дунё бўйича баланд тоғда бунёд этилган иккинчи ГЭС ҳисобланади.
Мурғоб туманининг 14 мингдан ортиқ аҳолиси икки йилдан буён чироқсиз яшаётганлиги ва бу кунни жуда кутганлиги таъкидланмоқда.
ГЭС модернизацияси лойиҳаси Германия тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган. Дастлабки лойиҳага кўра, ГЭСнинг қуввати 800 кВТ/соатни ташкил этиши керак эди ва бунинг учун 4 миллион евро ажратиш кўзда тутилган эди.
Бироқ лойиҳа германиялик мутахассислар томонидан қайта ўрганилгандан сўнг лойиҳа қувватини 1,5 минг кВт/соатгача ошириш ҳақидаги қарор қабул қилиниб, Германия банки қўшимча 7 миллион евро ажратди.
Изоҳ (0)