GM Uzbekistan Captiva ишлаб чиқаришни тўхтатаётганини маълум қилди. Шу муносабат билан Spot Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва кейинчалик бошқа русумларга ўз ўрнини бўшатиб берган автомобилларга эътибор қаратди.

Daewoo Tico (1996 — 2003)

Tico’нинг тарихи 1982 йилда Японияда Suzuki Alto билан бошланган. Бир неча йилдан сўнг ишлаб чиқарувчи моделни Жанубий Кореяга сотган. Автомобиль 1996 йилдан Ўзбекистонда, шунингдек, уч даражали тезлик узатиш қутиси билан Руминия ва Польшада ишлаб чиқарила бошланган. Модель 1990 йиллар охирига келиб эскирган ва Daewoo унинг ўрнини босувчини излаб, Tico’ни ишлаб чиқаришни қисқартира бошлаган. Унинг ишлаб чиқарилиши дастлаб Жанубий Корея, кейин Шарқий Европа ва 2003 йилда Ўзбекистонда тўхтатилган. Асакадаги заводда жами 90 мингта Tico ишлаб чиқарилган. Унинг ўрнини эса Matiz эгаллаган.

Фото: Google Images

Daewoo Nexia (1996 — 2008)

Nexia’нинг намунаси 1984 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган Opel Kadett E немис модели бўлган. 1995 йилда Daewoo моделни замонавийлаштирган ва Жанубий Кореяда Daewoo Cielo номи остида сота бошлаган. 1996 йилда машина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиб, МДҲ мамлакатларига сотила бошланди. Nexia’нинг ишлаб чиқарилиши 2008 йилда унинг ўрнига рестайлинг қилинган Nexia II келгач, тўхтатилган.

Фото: Google Images

Chevrolet Тacuma (2007 — 2009)

Автомобиль Daewoo Nubira асосида лойиҳалаштирилган. Автомобиль кўплаб мамлакатларда Rezzo бренди остида сотилган. Машина Таcuma номи остида фақат Ўзбекистон ва Украинада ишлаб чиқарилган. 2008 йилда машина Асакада ишлаб чиқарила бошланганда, аллақачон эскирган модель эди ва ўзининг «сўнгги кунларини яшаётган эди». Унинг ўрнини Chevrolet Orlando эгаллади.

Фото: Google Images

Chevrolet Epica (2007 — 2012)

Таcума билан бир вақтда кенг габаритли Epica ҳам ишлаб чиқарила бошланган. Tacuma’дан фарқли равишда Epica янги модель эди, у расман 2006 йилда тақдим этилган. Автомобиль Ўзбекистонда 2012 йилгача ишлаб чиқарилди ва унинг ўрнига Malibu келди.

Фото: Google Images

Chevrolet Lacetti (2003 — 2014)

Daewoo томонидан 1997 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган Nubira’нинг ўрнини 2002 йилда Lacetti эгаллаган. Бир йилдан сўнг эса Lacetti Асакадаги заводда ишлаб чиқарила бошланган. 2008 йилда Lacetti Ўзбекистонда серияли ишлаб чиқарила бошланган. 2013 йилда эса Lacetti II (Gentra) ишлаб чиқарилиши бошланди. Бир йилдан кейин эса биринчи авлод Lacetti’нинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилган.

Фото: Google Images

Chevrolet Nexia (2008 — 2016)

Классик Nexia’нинг рестайлинг талқини Ўзбекистонда саккиз йилдан кўпроқ ишлаб чиқарилди, шундан сўнг ўз ўрнини Ravon Nexia’га бўшатиб берди. У халқ тилида Nexia III деб аталади

Фото: Google Images

Chevrolet Malibu (2012 — 2017)

Дастлабки Malibu 1978 йилда АҚШда ишлаб чиқарилган. Ўзбекистонда 2012 йилдан ишлаб чиқарила бошланган талқин моделнинг 1997 йилда қайта туғилганидан кейинги саккизинчи авлоди ҳисобланади. 2017 йилда унинг ўрнини Malibu’нинг тўққизинчи талқини эгаллади, у халқ тилида Malibu II номини олган. 2019 йилда моделнинг дунё бўйича ўнинчи талқинини тақдим этиш режалаштирилган.

Фото: Google Images

Chevrolet Orlando (2014 — 2018)

Ўзбекистонда 2014 йилдан ишлаб чиқарила бошланган Орландо 2008 йилда тақдим этилган. 2015 йилдан бошлаб моделни Вьетнам, Россия ва Венесуэлада ишлаб чиқариш босқичма-босқич қисқартирилган. 2018 йилда автомобиль фақат иккита мамлакат — Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган. Шундан сўнг GM Жанубий Кореядаги заводни ёпишга қарор қилган, GM Uzbekistan эса Orlando хариди учун шартномалар бериш тўхтатилганини маълум қилди. Модельнинг дунё бўйича ишлаб чиқарилиши ёпилган ҳисобланади.

Фото: Google Images

Chevrolet Matiz (2001 — 2018)

Matiz автомобили Асака автомобиль заводида ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган тўртинчи модель бўлиб, 2001 йил август ойидан йиғила бошланган. 2004 йил декабрь ойида двигатель ҳажми 1 л бўлган Matiz Best ҳамда автоматик узатма қутили модификациялари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Matiz автомобиллари кичик ҳажмли автомобиллар синфига тегишли бўлиб, ушбу синфдаги автомобилларга бўлган эҳтиёж Spark автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш орқали қопланади.

Фото: GM Uzbekistan

Chevrolet Captiva (2007 — 2018)

Chevrolet Captiva автомобили мамлакат бозорига кириб келганига роппа-роса 11 йил тўлди. Илк бор Captiva автомобилини Ўзбекистонда йирик тармоқли йиғиш 2007 йилнинг октябрь ойидан бошланган. 2011 йилнинг сентябрь ва 2017 йилнинг февраль ойларида автомобилнинг янгиланган модели чиқарилган.

Фото: Google Images