Бухоро вилоят ИИБга 5 сентябрь куни фуқаро Б.С. таъмагирлик ҳолати юзасидан ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Унда Когон тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари С.Г. ва Н.Д. раҳбарият орқали уни Когони тумани тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимига фаррошликка ишга жойлаштириш эвазига 200 АҚШ доллари беришини талаб қилаётганликлари билдирилган.
Мазкур аризага асосан шу куни Бухоро вилоят ИИБ ва прокуратура ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида С.Г. ва Н.Д. тиббиёт бирлашмаси кадрлар бўлими хонасида Б.С.дан 200 доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.