Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси Шаҳноза Тожиддинованинг маълумотларига кўра Республика маънавият ва маърифат маркази Беруний тумани бўлинмаси, «Беруний авлодлари» жамоат фонди, ЎзРФА ва унинг Қорақалпоғистон бўлими, Хоразм Маъмун академияси Беруний тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1045 йиллигига бағишланган«Буюк қомусий олимнинг инновацион ғоялари ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусида илмий – назарий конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Республика Маънавият ва маърифат маркази ахборот хизмати хабар берди.
Дастлаб конференцияга ташриф буюрган олимлар, ижодкор зиёлилар ва иштирокчилар буюк бобомизнинг рамзий қабрига гул қўйишди.
Шундан сўнг, Беруний туманида Абу Райҳон Берунийнинг янги ҳайкали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирга нафақат юртимизда фаолият юритаётган олимлар балки чет давлатларида ҳам Абу Райҳон Беруний илмий ишларини ўрганиб келаётган бир қанча профессорлар таклиф этилди.
Меҳмонлардан бири Сидней университети профессори Алисон Бетсс илмий-назарий конференцияда: «Мен дунё тамаддунига ўз ҳиссасини қўшган даҳо, буюк аллома туғилиб ўсган юртга ташриф буюрганимдан ҳамда Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижоди, таваллудига шунингдек, унинг математика, астрономия, тарих, география, геодезия, философия ва бошқа кўплаб фанлар ривожидаги ўрнини ўрганишга бағишланган илмий-назарий конференцияга таклиф этилганимдан бениҳоя хурсандман.»
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида таваллудининг 1045 йиллиги муносабати билан буюк аллома Абу Райҳон Берунийга ҳайкал ўрнатилгани ҳақида хабар берган эдик.