Ўзбекистон божхоначилари нақд хорижий валютанинг ноқонуний олиб чиқилишига доир қатор божхона қоидабузарликларини фош қилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Тошкент вилоятининг «Навоий» чегара божхона пости орқали республикадан чиқиб кетаётган фуқаро Й.С.нинг безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Божхона кўриги давомида ушбу шахс чўнтакларидаги 12400 АҚШ долларини йўловчи божхона декларацияси ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, олиб чиқмоқчи бўлганлиги аниқланди.
Унинг ҳамроҳи Э.М. ҳам таваккалга қўл уриб, 10 минг АҚШ долларини чўнтаги ва сумкасига жойлаганча, бамайлихотир чиқиб кетаман деб ўйлаганди. Аммо унинг бу ўйлари божхона постида пучга чиқди.
Худди шундай ҳолат вилоятнинг «Ойбек» чегара божхона постида ҳам фош этилди. Мазкур пост орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган чет эл фуқароси Л.М. йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 140 минг Россия рублини олиб чиқиб кетаётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Тошкент халқаро аэропортида «Тошкент—Олмота» рейси бўйича парвозга шайланган қўшни давлат фуқароси М.М.га тегишли сумка белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида билдирилмаган 4924 АҚШ доллари яширилганлиги маълум бўлди.
Айни шу рейснинг яна бир йўловчиси, қўшни давлат фуқароси Р.Н. ҳам 5 минг АҚШ долларини сумкасига яширганча, божхона назоратидан четлаб олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари, Республикада доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишга рухсат этилади.