Каттақўрғон шаҳридаги Самарқанд Давлат чет тиллари институти қошидаги 2-сон академик лицейда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларини тайёрлаш институти ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигидаги «Ёшлар муаммоси истиқболли кадрлар нигоҳида» мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Ўқув-семинарда туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар Кенгаши раислари, кадрлар захирасига таркибига киритилган номзодлар ва Самарқанд Давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Семинарда сўзга чиққанлар ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, ақлан етук, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад эканлигини билдириб ўтди.
Ўқув-семинарда мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсати навқирон авлод онги ва қалбига сингдириш, ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, уларда ватанпарварлик, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш лозимлиги таъкидланди.
Изоҳ (0)